Cувда турган чиройли шаҳарлар

“Сувдаги шаҳар” иборасини эшитганимизда, одатда Венеция суратлари хаёлимизга келади. Ўзининг архитектураси, бой тарихи, романтикаси орқали Италиядаги бу шаҳар туризм дурдонасига айланиб қолган. Бироқ дунёда сувда турган ёки теварагини сув ўраб олган бошқа кўплаб шаҳарлар ҳам бор.

Чжуцзяцзяо, Хитой

Бу энг кичик ва энг қадимий Чжуцзяцзяо шаҳрини “Шанхай Венецияси” деб айтишади. Бутун шаҳар бўйлаб каналлар устида ёғоч кўприклар ўрнатилган, дарё бўйида эса хитой услубида ўйиб ишланган эшик ва деразалари қизил, томлари эса оқ рангга бўялган паст шифтли уйлар саф тортган.

Маҳаллий аҳоли минг йиллар давомида одатий турмуш тарзини ўзгартирмаган: улар уйларидан чиқмасдан озиқ-овқат сотиб олишади. Фақат деразадан қараб, ўтаётган савдо кемаларидан керакли маҳсулотни танлаш кифоя, холос.

 Венецияда бўлгани каби гондолчилар сайёҳларни Чжуцзяцзяо каналлари бўйлаб қайиқда сайёҳат қилдиришади.

Удайпур, Ҳиндистон

Ҳиндистонлик яқинда турмуш қурган келин-куёвлар ўзларининг асал ойини нодир Удайпур шаҳрида ўтказишни яхши кўришади. Бу ерда улуғворлиги билан лол қолдирадиган қалъалар ва саройлар сақланиб қолинган. Шунингдек, Удайпур Ҳиндистондаги кўллар ва боғлар шаҳри ҳисобланади. Боғлар Махарана Удай Сингх II томонидан яратилган.

Брюгге, Бельгия

Брюгге – Бельгиянинг Ғарбий Фландрия провинцияси пойтахти. Бу ерда ҳам Венециядаги каби тарихий бинолар сақланиб қолинган. Брюгге шаҳрида сиз ўрта асрларда қурилган шинам уйлар билан ўралган кўплаб каналлар бўйлаб қайиқда юришингиз мумкин.

Шаҳарда ҳаммаси бўлиб 54 та кўприк, улар орасида катта кемалар ўтиши учун кўприклар ҳам бор. Айтганча, XIV асрда Брюгге Шимолий Европадаги энг йирик савдо марказларидан бири бўлган. Биринчи биржа айнан шу ерда 1406 йилда ташкил этилганлиги бежиз эмас.

Кечқурунлари бу шаҳарда агар сайёҳ ва маҳаллий аҳолини кўрмасангиз, ўзингизни бошқа замонага тушгандек ҳис қиласиз.

Мескальтитан, Мексика

Мексиканинг ҳам ўз Венецияси бор. Мескальтитан шаҳри Наярит штати қирғоқларидаги оролда жойлашган. У Мексикадаги кўплаб каналлар оқиб  ўтадиган кенг Мангро бутазорлари билан ўралган.

Шаҳар ҳар йили август-сентябрь ойларига тўғри келадиган ёмғирли мавсумда Венецияга айланади. Кўчаларни сув босади ва маҳаллий аҳоли каноега ўтиб олади. Афсоналарга кўра, Мескальтитан ацтеклар цивилизациясининг бешиги бўлган қадимги Ацтлан шаҳри ўрнида жойлашган.

Улар бу ердан 1091 йилда жанубга кўчиб кетиб, кейинчалик Теночтитлан (замонавий Мехико)га асос солган.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.