Дала четлари ва бўш майдонлардан самарали фойдаланяпмизми?
Самарқанд туманидаги “Аъзам Азамат Агро” фермер хўжалигида қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишга бағишланган республика кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботир Жабборов, Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Зафар Рўзиев, шунингдек Жиззах ва Самарқанд вилоятларининг соҳага масъул вакиллари ва мутахассислари иштирок этди.

Таъкидланишича, дала четлари, каналлар ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофи, аҳоли томорқаларидаги бўш майдонларни қишлоқ хўжалигига йўналтириш орқали маҳсулот етиштириш ҳажмини кескин ошириш мумкин. Интенсив экин майдонлари ташкил этиш, хусусан, тўқсонбости экинларидан самарали фойдаланиш йил давомида бир неча бор ҳосил олиш имконини беради. Бу эса ички бозорни барқарор маҳсулот билан таъминлаш билан бирга мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Семинарнинг амалий қисмида мевали кўчатлар экиш ва тўқсонбости экинларини жойлаштириш бўйича замонавий усуллар амалда кўрсатиб берилди. Самарқанд туманида 115 гектар дала четлари бўлиб, бу ерларга 101,8 минг туп, мавжуд 11 гектар коллектор-дренаж атрофи майдонига эса 10,05 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Шунингдек, туманда фермер, деҳқон ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 2025 йил август–сентябрь ойларида 1145 гектар майдонга пиёз ва саримсоқпиёз экиш ишлари режага тўлиқ мувофиқ амалга оширилган. Айни вақтда барча майдонларда агротехник талабларга мувофиқ парвариш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, 2026 йил ҳосили учун тўқсонбости усулида қўшимча 3 минг 134 гектар майдонга экин жойлаштириш режалаштирилган. Ҳозирги пайтда ушбу майдонларда суғориш тармоқларини тайёрлаш, тупроқни юмшатиш, минерал ўғитлар бериш ва бошқа агротехник ишлар белгиланган режага мувофиқ давом этмоқда.