Дамашқ Суриядан турк қўшинларини зудлик билан олиб чиқишни талаб қилди

Сурия ҳукумати Туркия зудлик билан республиканинг шимолий вилоятларидан ўз қўшинларини олиб чиқишини талаб қилмоқда. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Фейсал Микдад маълум қилди.

У Идлиб вилоятида охирги пайтларда зиддият кучайганига шундай муносабат билдирди.

"Менимча, Туркия зудлик билан ўз қўшинларини олиб чиқиши керак. Халқаро ҳамжамият, ўз навбатида, Суриянинг мамлакат шимолида босиб олинган ҳудудларни озод қилиш ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши керак", деди Микдад РИА Новости агентлигига.

Унинг қўшимча қилишича, ушбу эскалациянинг асосий сабаби "турк босқини, шунингдек, Анқаранинг жойида террорчи гуруҳларга кўрсатаётган ёрдамидир".

Жорий йилнинг август ойида БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Гейр Педерсен хавфсизлик заифлашуви ва Суриянинг айрим ҳудудларида янги қуролли тўқнашувлар авж олиши ҳақида хабар берган эди. Кейин у Идлиб вилоятидаги вазиятга алоҳида эътибор қаратди. Педерсеннинг сўзларига кўра, Араб Республикасининг бу ҳудудида 2020 йилнинг баҳоридан буён бундай кучли тўқнашувлар бўлмаган.