Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Республика давлат бюджетига шу йилнинг биринчи чорагида 40,3 триллион сўмлик солиқ тушумлари тушган

«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида солиқ тизимига оид қатор вазифалар белгиланган. Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича солиқ тўловчилар билан манзилли ишлашни ташкил қилиш орқали солиқ базасини кенгайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.  

Жумладан, 2023 йилда солиқ органлари томонидан давлат бюджетига 165,9 трлн. сўм туширилди. Бу 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 17,4 трлн. сўмга кўп.  

Сўнги йилларда солиқ тушумлари таркибида сезиларли ўзгаришлар рўй берди. 2023 йил якуни бўйича 2017 йилга нисбатан тўғридан-тўғри солиқ тушумлари 8 бараварга (8,8 трлн. сўмдан 70,7 трлн. сўмгача) ўсиши билан бирга уларнинг ЯИМдаги улуши 3,8 фоиз пунктга ўсди (ЯИМга нисбатан 2,8 дан 6,6 фоизгача).  

– Иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда бюджетнинг асосий қисми тўғридан-тўғри солиқлар ҳисобидан шакллантирилади. Бу эса иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши ва солиқ тизимининг янада самарали фаолият юритаётганидан далолат беради, – дейди Солиқ қўмитаси ҚҚС маъмурчилиги бошқармаси бошлиғи Равшан Имомов. – Билвосита солиқлар бўйича тушумлар 2,8 бараварга (18,2 трлн.сўмдан 51,5 трлн.сўмга) ошган ҳолда уларнинг улуши ЯИМнинг 5,7 фоизидан 4,8 фоизигача – 0,9 фоиз пунктга камайди. Бунга сабаб, ислоҳотлар доирасида ҚҚС ставкаси босқичма-босқич 20 фоиздан 15 фоизга ва кейинчалик 12 фоизгача туширилди. Ресурс солиқлари ва тўловларининг роли ортиб, тушумлар 4 бараварга (6,9 трлн. сўмдан 28,1 трлн. сўмгача), ЯИМдаги улуши эса 2,2 фоиздан 2,6 фоизгача – 0,5 фоиз пунктга ошди.  

– Шунингдек, жорий йилнинг I чорагида бюджетга 40,3 трлн. сўмлик солиқ тушумлари таъминланиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,4 трлн. сўмга яъни 6 фоизга ўсишига эришилди, – дейди Солиқ қўмитаси Бюджет даромадларини прогнозлаштириш бошқармаси бошлиғи Ҳамдам Бобожонов. – Маҳаллабай ишлаш институтининг самарали ташкил этилиши натижасида туман (шаҳар)ларда (бюджет ташкилотлари тўлаган солиқларсиз) ўсиш 36,6 фоизни ташкил этган. Даромадларни ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан мол-мулк солиғи бўйича тушумлар 31 фоизга (+402 млрд. сўмга), ер солиғи 30 фоизга (+428 млрд. сўмга), ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ 20 фоизга (+718 млрд. сўмга), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 17 фоизга (+1,1 трлн. сўмга) ўсди.  

Пенсия жамғармаси даромадлари январь-март ойларида 10,9 трлн. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 трлн. сўмга яъни 117 фоизга ошди.  

– Шуни ҳам айтиш жоиз, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг «Яширин иқтисодиёт»ни қисқартириш орқали солиқ базасини қўшимча кенгайтириш, рақамлаштириш тизими самарасини ошириш йўналишида белгиланган вазифаларга кўра, солиқ органлари фаолиятини тўғри ташкил этиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди, -дейди Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев. – Натижада товар айланмаларининг легаллашуви кузатилиб, онлайн назорат-касса машиналари (ОНКМ) орқали ўтган савдо ҳажми 2023 йилда 2022 йилга нисбатан 40 фоизга ёки 78 трлн. сўмга ошди. Ушбу ўсиш жорий йилнинг I чорагида ҳам давом этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоиз ўсди.  

Худди шундай ЭҲФ орқали товар айланмаси I чоракда 378,1 трлн. сўмни ташкил этиб, 25 фоиз ўсди. «Ўзбекистон – 2030» стратегиясидаги яна бир муҳим йўналиш – барча тадбиркорлар учун тенг имкониятлар яратиш, расмий сектор – нолегал фаолиятдан афзал ва манфаатли бўлиши учун барча зарур шароитларни таъминлаш белгиланган. Мазкур йўналиш бўйича такси хизматлари соҳасини легаллаштириш, расмий иш билан банд бўлмаган шахслар фаолиятини қонунийлаштирган ҳолда ушбу бозордаги айланмалар ҳисобини юритиш самараларини алоҳида таъкидлаш лозим.  

– Хусусан, йўналишсиз такси хизматини кўрсатаётган ўзини ўзи банд қилган н шахслар жорий йил бошида 317 минг нафарни ташкил қилган бўлса, мижозларни излаш бўйича агрегаторлар ахборот тизими солиқ органига интеграция қилинди, – дейди Солиқ қўмитаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Музаффар Юсуф Назаров. – Натижада апрель ойининг 23 санасига кўра, уларнинг сони 481,4 минг нафарга етди. Яъни январда 52,4 минг, февралда 51,4 минг, мартда 36,9 минг ва апрелда 23,8 минг нафарининг фаолияти легаллаштирилди. Фискал чекларнинг берилиши ҳисобига йил бошидан 980,4 млрд. сўм, шундан, январь ойида 73,8 млрд. сўм, февраль ойида 159,4 млрд. сўм, март ойида 414,1 млрд. сўм, апрель ойида 337 млрд. сўм даромадлари қонуний расмийлаштирилди.  

Интеграция қилиш бўйича ариза берган 125 та агрегаторларга интеграция жараёнлари юзасидан амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. 2024 йил 1 апрелдан йирик солиқ тўловчилар учун товар-транспорт юк хатларини электрон шаклда расмийлаштириш ушбу йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Тизимдан фойдаланиш учун электрон товар-транспорт юк хати юкни жўнатувчи томонидан расмийлаштирилади ҳамда юкни етказиб берувчи масъул шахс (ҳайдовчи) томонидан юкларни қабул қилиб олиш ва топшириш вақтида, шунингдек, юкни олувчи томонидан юклар қабул қилинганда электрон рақамли имзо орқали тасдиқланади.  

Бунда, ҳайдовчиларга қулайлик яратиш мақсадида электрон ТТЮни телефон қурилмасида Soliq мобил иловаси орқали Face-ID тизими ёрдамида тасдиқлаш имконияти яратилган.  

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ташувчилар томонидан юк ташиш қоидаларининг бузилиши БҲМнинг 5 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.  

Электрон ТТЮ тизимини жорий қилишдан мақсад тадбиркорлик субъектларини жазолаш эмас, балки солиқ маъмурчилиги жараёнларини автоматлаштириш орқали улар томонидан йўл қўйилиши мумкин бўлган қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш ва хуфиёна иқтисодиёт кўламини қисқартиришга қаратилгандир.  

– Яна бир маълумот, тизим жорий қилингандан буён апрель ойининг ўтган даврида 882 та корхона томонидан жами 47,5 мингта электрон ТТЮ расмийлаштирилди, – дейди Солиқ солиш методологияси бошқармаси бошлиғи Комил Сайидов. – Ушбу жараёнда 9,7 мингта автомобиль транспортида 12,5 минг турдаги жами 564 млн. тонна ёки 123,5 трлн. сўмлик юк ташилди. Солиқ қонунчилигига 1 апрелдан жорий этилган ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлган яна бир ўзгариш – дори воситалари ва тиббий буюмлар ҳамда хизматларга ҚҚС имтиёзи бекор қилинди. Бундан мақсад – ҚҚСнинг тўлиқ занжирини яратиш. Эндиликда солиқ тўловчилар ҚҚС билан реализация қилинган дори воситалари ва бошқа тиббий буюмлар учун ҚҚС суммасини ҳисобга олиши мумкин бўлади.  

Адлия вазирлигида 3242-сон билан рўйхатдан ўтказилган низом талабларига кўра, импорт қилинадиган, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинадиган дори воситаларини улгуржи ва чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда референт нарх шакллантириш мумкинлиги белгиланган.  

– Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Солиқ қўмитаси аҳоли томонидан энг кўп харид қилинган 24 турдаги дори воситаларининг ЭҲФ орқали, яъни пул кўчириш йўли билан ҳамда ОНКМ орқали нақд пулда реализация қилиш нархларининг жорий йилдаги ўзгаришини таҳлил қилиб чиқди, – дейди Солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Комил Сайидов. – Масалан, Терафлю дори воситаси январь ойида 57,9 минг сўмдан импорт қилинган бўлиб, апрель ойида ушбу маҳсулот референт нархи (+15 фоиз)дан 45 фоиз юқори нархда яъни 78,1 минг сўмдан сотилган (аслида 57,9+15%=66,7 минг сўмдан сотилиши керак). Умуман, қўшилган қиймат солиғи маъмурчилиги йилдан йилга такомиллашиб бормоқда. Салбий фарқ суммасини қайтариш тартибини соддалаштирган ҳолда шаффоф тизим яратилиб, инсофли солиқ тўловчиларга ҚҚС суммаси ортиқча текширувларсиз қайтарилмоқда.  

Ўтган йили тадбиркорлик субъектларига 19,6 трлн. сўмдан ортиқ ҚҚС қоплаб берилди. 2024 йилнинг биринчи чорагида эса ҚҚС қоплаш бўйича жами 7 072 та корхона мурожаат қилган бўлиб, уларнинг 2 138 тасининг 5 388 млрд. сўм ҚҚС суммаси қоплаб берилган.  

Яратилаётган шароитлар ва берилаётган имкониятларга қарамай, айрим ҚҚС тўловчи корхоналар томонидан солиқларни тўлашдан қочиш мақсадида кирим қилинаётган товарлар таннархини асоссиз ошириб кўрсатиш ёки сотилаётган товарлар нархини бозор нархидан паст нархда сотиш, номутаносиб товарлар реализациясини амалга ошириш, устав капиталини ошириш каби турли қинғир йўллардан фойдаланилаётгани кузатилмоқда.  

2023 йилда 10 689 та корхонанинг 6,8 трлн. сўм ҚҚС суммасини қоплаб бериш рад этилган бўлса, жорий йилнинг I чорагида 4 934 та корхонанинг 5,3 трлн. сўмлик мурожаати солиқ ҳисоботларида ва риск даражаси юқори бўлганлиги сабабли рад этилган.  

Мисол учун, қурилиш соҳасида фаолият юритувчи "N.M"МЧЖнинг 10,1 млрд. сўм ҚҚС салбий фарқ суммасини қоплаш юзасидан юборилган аризаси товарнинг етказиб берувчиси шубҳали корхоналар рўйхатига киритилган ва етказилган товарлар унинг кирим ҳужжатларида қайд этилмагани сабабли рад этилган.  

Бир сўз билан айтганда, Солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқот орқали уларнинг таклифларини қўллаб-қувватлаш ва тенг рақобат шароитини яратишга қаратилган тадбирлар тизимли давом эттирилмоқда. Маҳаллий солиқлар, яъни мол-мулк ва ер солиқларининг биринчи ярмини 15 апрелга қадар тўлаш белгиланган бўлиб,  бугунга қадар ушбу солиқлар бўйича аҳоли томонидан 581 млрд. сўм тўланди. 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА