Давлат дастури лойиҳаси муҳокамада: Қандай устувор вазифалар белгиланган?

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг jamoatchilik.uz платформасида йил дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилиб, фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари ўрганилмоқда. Бу жараён Давлат дастурининг халқчил бўлишида, жойлардаги долзарб масалаларнинг ҳал этилишида муҳим аҳамиятга эга.

2021 йил учун “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури лойиҳаси шакллантирилишидан олдин ҳам кенг жамоатчиликнинг, аҳолининг таклифлари ўрганилди. Жумладан, платформа орқали фуқаролар, чет элда яшовчи ватандошлар, нодавлат нотижорат ташкилотларидан 2000 дан зиёд таклиф ва тавсиялар қабул қилинди.

Шу асосда ишлаб чиқилиб, эълон қилинган Давлат дастури лойиҳасига жами 276 та банддан иборат. Шундан:

19 банд давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш бўйича;

17 банд қонун устуворлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича;

113 банд иқтисодиётни ривожлантириш бўйича;

96 банд ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича;

31 банд хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ташқи сиёсатни амалга ошириш бўйича вазифаларни ўз ичига олади.

Шунингдек, Давлат дастури лойиҳасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрдаги Парламентга Мурожаатномасидан келиб чиқиб, долзарб ва муҳим вазифалар киритилган. Хусусан:

БИРИНЧИ УСТУВОР ЙЎНАЛИШда давлат шунингдек, қуйи ва ўрта бўғин бошқарув органлари, маҳаллий ижро ва вакиллик органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, давлат органлари харажатлари бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллиги ва фаолиятининг самарадорлигини ошириш вазифалари киритилган. Бунинг учун тегишли муддатларда қонун ва қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланмоқда;

ИККИНЧИ УСТУВОР ЙЎНАЛИШда суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, юридик хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш, коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тизимини жорий қилиш, маъмурий жазолар миқдорини маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг хавфлилик даражасидан келиб чиқиб мақбуллаштириш кўзда тутилган;

УЧИНЧИ УСТУВОР ЙЎНАЛИШда инфляциявий таргетлаш доирасида нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, бюджет барқарорлигини таъминлашга қаратилган бюджет қоидаларини такомиллаштириш, суверен халқаро облигацияларда миллий валюта улушини ҳозирги 25 фоиздан камида 40 фоизга ошириш, бюджет тизими шаффофлигини таъминлаш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, банклараро валюта бозорини ривожлантириш, табиий газ ва электр энергиясининг назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш борасида тизимли мониторинг ўрнатиш, тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш, транспорт хизматлари кўламини кенгайтириш, зиёрат туризми ва ички туризмни ривожлантириш, 2030 йилга қадар камбағалликни қисқартириш стратегиясини ишлаб чиқиш режалаштирилган;

ТЎРТИНЧИ УСТУВОР ЙЎНАЛИШда болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ташкил этиш, “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари”ни ташкил этиш, 2021–2023 йилларда ёшлар уйларини қуриш дастурини амалга ошириш, Ўзбекистон талабалар ассоциациясини ташкил этиш, бепул тил ўрганиш электрон платформасини яратиш, аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш, арзон уй-жойларни барпо этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, маданият, санъат, спортни янада ривожлантириш, болаларнинг мактабгача таълимга қамровини 65 фоизга етказиш, ягона “Электрон таълим” тармоғини жорий қилиш, физика фани ва чет тиллари бўйича узлуксиз таълим сифати ва натижадорлигини ошириш, олий таълим муассасаларига давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларини камида 25 фоизга ошириш, энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Президент грантини жорий этилади;

БЕШИНЧИ УСТУВОР ЙЎНАЛИШда Қуролли Кучлар салоҳиятини ошириш, “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) билан ҳамкорликни кенгайтириш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини кенгайтириш ва экотуризмни ривожлантириш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг узоқ муддатли давлат сиёсатини ишлаб чиқиш, Халқлар дўстлиги кунини белгилаш, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсатида иқтисодий дипломатияни фаол илгари суриш, чет элда истиқомат қилаётган ватандошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан яқин қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш каби вазифалар белгиланган.

jamoatchilik.uzда муҳокамалар давом этмоқда. 2021 йил 25 январь ҳолатида лойиҳа бўйича 600 дан зиёд таклиф билдирилган. Энг кўп таклиф (210 дан кўпроқ) учинчи йўналиш юзасидан, энг ками (21) эса бешинчи йўналишда эди. Сиз ҳам мамлакат тараққиётига дахлдор фуқаро сифатида Ўзбекистонни 2021 йилда ривожлантириш учун устувор масалаларни аниқлаштиришда ўз фикр ва таклифларингиз билан иштирок этинг!

Дилнур Аъзамов,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилоят бўлинмаси бош мутахассиси.