Давлат дастурига таклифим бор: Юқори синф ўқувчилари учун рўзғор юритиш ва касблар билан боғлиқ алоҳида фан турини жорий этиш керак

Фуқаролар, мутахассислар томонидан айни кунларда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасига таклифлар берилмоқда.

СамДУ тадқиқотчиси, Давлат бошқаруви академияси Самарқанд ҳудудий филиали бош мутахассиси Шаҳриёр Холбоев ушбу Давлат дастури лойиҳасига берган таклифлари билан ўртоқлашди.

Лойиҳанинг 154-бандида мактаблар фаолияти билан боғлиқ таклифлар қабул қилиняпти. Агар умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари учун рўзғор юритиш ва касблар билан боғлиқ алоҳида фан турини жорий этсак мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки биз ким бўлишимиздан қатъи назар рўзғор тебратишимизга ёки тирикчилик ва умргузаронлик қилишимиз учун маълум бир касбда ёки ҳунарда фаолият олиб борамиз. Таклифим инобатга олинса, бунинг натижасида мактабдан бошлаб ёшларимизни мустақил ҳаётга тайёрлашни тизимли йўлга қўйилиши таъминланади.

Яна бир таклифим - оммавий ахборот воситаларида (хусусан, телевидениеда) алоҳида теледастур йўлга қўйилиши билан боғлиқ. Агар “Менинг касбим” рукни остида теледастур ташкил қилинса айни муддао бўларди. Чунки ёш авлодни бугунги кунда касбий компетенцияларини ривожлантириш сув билан ҳаводек зарур. Бу эса ёшларимизни ҳаётда ўрнини топишида муҳим омил ҳисобланади.

Яна бир таклифим бор: мактабгача таълим-тарбия жараёнларини илмий асосланган ёндашувлар асосида такомиллаштириш керак. Бу борада боғча ходимларининг профессионал тайёргарлиги ва маҳоратини ошириб боришнинг такомиллаштирилиши долзарб масала ҳисобланади. Биласизми, аслида бизда мактабгача таълимнинг туб илмий ва маънавий илдизлари мавжуд. Масалан, Самарқандда Шоҳи Зинда қабристонининг кириш қисмидаги зинадан чиқишда чап қўлдаги қўшгумбазли мақбарада Мирзо Улуғбекнинг энагаси дафн этилган. Бу илмий асосда ўрганилишни тақозо этади. Агар чуқур ўрганилса, Мирзо Улуғбекнинг энагаси билан боғлиқ тарих, энг муҳими, унинг буюк сиймони тарбиялашдек улкан тажрибаси ўзлаштирилиши мумкин.

Бизда Жанубий Кореяда мактабгача таълим раҳбар ва ходимларининг онлайн тарзда узлуксиз малака ошириш тизими йўлга қўйилган. Шу нуқтаи назардан, боғча ходимларининг маҳоратини ошириб боришда уларнинг касбий ва шахсий кўникмалари риожлантирилиши керак. Бундан ташқари, юртимизда мактабгача таълим қамрови 100 фоизга етгунга қадар, қамраб олинмаган оналар билан мулоқот ва болалар билан ишлаш кўникмаларини ривожлантириш мақсадга мувофиқдир.