Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқ қоидалари: У нималардан иборат?

Вилоят ҳокимлигида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятини тушунтириш масалаларига бағишланган ўқув-семинар ташкил этилди.

Унда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқов, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходими Ўктам Ҳамроевлар давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари, уларнинг касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида давлат хизматига бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш каби масалалар хусусида сўз юритди.

- Давлат фуқаролик хизматчилари касб этикаси, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, давлат ва жамият манфаатларига содиқлик, ҳалоллик ва холислик принципларига қатъий риоя этиши шарт, - деди Ў.Ҳамроев. - Айниқса, раҳбар ва ходим, раҳбар ва оддий фуқаролар ўртасида одоб-ахлоқ, ҳурмат, ишонч, самимият ва адолат тамойилларига амал қилиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки айрим ҳолатларда раҳбар ва ходим ёки раҳбар ва оддий аҳоли ўртасидаги мураккаб муносабатлар ҳам ижтимоий тармоқларда акс этаётгани, бу эса оддий одамларда турли эътирозлар, давлат хизматчиларига нисбатан салбий фикрларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда. Шу боис оддий фуқаролар билан мулоқот қилишга доир юксак маданиятга, одамларни тинглай билиш, мурожаатлар бўйича тўғри маслаҳат ва йўл-йўриқлар кўрсатиш, оқилона қарор қабул қилиш кўникмасига эга бўлиш шарт.

Семинарда давлат фуқаролик хизматчиларининг жисмоний ва юридик шахслар билан ишлашда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш ва унинг аҳамияти, манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш, касбий маданиятга оид, хизмат фаолиятидаги ва хизматдан ташқари, шунингдек, ташқи кўриниш ва кийиниш услубига оид умумий одоб-ахлоқ қоидалари мавзусидаги маърузалар тингловчилар эътиборига ҳавола этилди.

Фазлиддин Рўзибоев.