Ҳалоллик, адолатлилик, қонунийлик… Давлат хизматчилари учун одоб-ахлоқ қоидалари ишлаб чиқилди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодекси лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Унга кўра, қуйидагилар давлат хизматчиларининг касбий фаолиятини амалга оширишдаги асосий принциплар этиб белгиланди:

➖ қонунийлик;
➖ адолатлилик;
➖ фуқароларнинг ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатлари устуворлиги;
➖ ватанпарварлик ва хизмат бурчига фидойилик;
➖ давлат ва жамият манфаатларига садоқат;
➖ ҳалоллик ва холислик;
➖ очиқлик ва коррупцияга тоқатсизлик;
➖ профессионаллик ва лаёқатлилик;
➖ самарадорлик ва тежамкорлик.

Лойиҳага мувофиқ давлат хизмати уч турга бўлинади:

➖давлат сиёсий хизмати – Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасининг номенклатурасига кирадиган лавозимларга, депутатлар ва сенаторларга юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширишга қаратилган ҳамда ҳақ тўланадиган касбий хизмат фаолияти бўлган давлат хизматининг бир тури;

➖давлат фуқаролик хизмати – Ўзбекистон фуқароларининг давлат органларидаги давлат фуқаролик лавозимларига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширишга қаратилган ҳамда ҳақ тўланадиган касбий фаолиятини назарда тутувчи давлат хизматининг бир тури;

➖давлат махсус хизмати – Ўзбекистон Қуролли кучларидаги ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда суд органларидаги юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириш.

Мазкур лойиҳа Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқарилган.