Давлат ижтимоий буюртмаси асосида болалар реанимация бўлими очилди
Жомбой тумани марказий шифохонаси болалар бўлимида Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг молиявий кўмагида 6 ўринли реанимация бўлими ташкил этилди.
Фонд томонидан туманнинг «Соғлиқ – туман бойлик» номли лойиҳаси давлат ижтимоий буюртмаси шаклида молиялаштирилиб, унга 3 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ушбу маблағ ҳисобидан 39 турдаги замонавий тиббий жиҳозлар ва ускуналар харид қилиниб, шифохонада болалар реанимация бўлими фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, бўлим ёнида енгил конструкцияли кутиш зали қурилди.
– Туманимизда 180 минг нафар аҳоли яшайди, уларнинг 62 мингга яқинини 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этади, – дейди лойиҳа ташкилотчиларидан бири Ҳафиза Ўсарова. – Шу нуқтаи назардан, марказий шифохонада болалар реанимация бўлимининг ташкил этилиши аҳолининг муҳим эҳтиёжларидан бирини қондиришга қаратилган. Чунки шу пайтгача оғир аҳволдаги бемор болалар ҳам катталар реанимация бўлимида даволанишга мажбур эди. Табиийки, бу ҳолат болалар билан бирга уларнинг ота-оналари руҳиятига ҳам салбий таъсир кўрсатарди. Энди болалар бўлимининг ўзида бундай имконият яратилиши бемор болаларга ўз вақтида сифатли ва зарур тиббий ёрдам кўрсатишга хизмат қилади.
Янги бўлимнинг фойдаланишга топширилиш маросимида Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди раиси О.Ҳусанов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Пардаев, Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи С.Зайниев ва туман масъуллари иштирок этиб, мазкур ижтимоий лойиҳанинг аҳамиятига эътибор қаратдилар.
– Самарқанд вилоятида аҳоли турмуш даражасини ошириш, муҳим ижтимоий масалаларни ҳал этишга қаратилган бир нечта лойиҳамиз бор, – деди Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди раиси О.Ҳусанов. – Жумладан, шу пайтгача вилоятнинг бир қатор туманларида аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш, кутубхоналар ташкил этиш, маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳалар давлат ижтимоий буюртмалари асосида фонд томонидан молиялаштирилди. Айни пайтда Қўшработ тумани марказий шифохонасига замонавий тиббий жиҳозлар ажратиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда.
Давлат ижтимоий буюртмаси асосида бажарилаётган бу каби лойиҳалар фуқаролик жамияти институтларининг ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини кенгайтириш, давлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.