Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Кадастр агентлиги ташкил этилади
Президентимизнинг 2020 йил 7 сентябрдаги “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ташкил этилади.
Кадастр агентлиги кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида:
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилиши;
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш;
давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш;
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлашга ва ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймасликка қаратилган самарали ер назоратини амалга ошириш;
геодезия ва картография соҳасида:
геодезия ва картография соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлаш;
аэрокосмик суратга олиш, топография-геодезия, картографияга оид изланишлар ҳамда тадқиқотлар, ерларни масофадан зондлаш, геодинамик тадқиқотлар маълумотлари ва материалларидан фойдаланган ҳолда картографик мониторингни амалга ошириш;
давлат картография-геодезия кадастрини юритиш;
давлат геодезия назоратини амалга ошириш;
давлат кадастрларини юритиш соҳасида:
давлат кадастрларини юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлаш;
давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат кадастрларини юритиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
Давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш, ҳудудлар давлат кадастрининг самарали юритилишини таъминлаш;
давлат кадастрларини юритиш тартибларига риоя қилинишини таъминлашга қаратилган самарали кадастр назоратини амалга ошириш;
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия, картография ва давлат кадастрларини юритиш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш;
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия, картография ва давлат кадастрларини юритиш соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлайди.