Давлат улуши бўлган ва бўлмаган банкнинг қандай фарқи бор?
Қайси банклар давлат улуши бор бўлган тижорат банклари таркибига киради, уларнинг трансформациядан қандай натижалар кутилмоқда? Келинг, дастлаб, трансформация нима эканлигига эътибор қаратсак.
Инвесторларнинг талабига жавоб бериш ва кучли рақобат муҳити шаклланган бир пайтда банклар ўз иш услубини ўзгартиришга, мижозлар хоҳиш-истакларини тўлиқ қондиришга интилиши банклар трансформацияси дейилади. Хўш, трансформация нима учун керак? Унинг аҳамияти нимада?
Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш» рейтингидаги паст кўрсаткичлар - рейтингнинг «Кредит олиш» йўналишида Ўзбекистон 67-ўринни эгаллаб туриши; ахборот технологиялари маҳсулотлари, мижозлар билан алоқа қилиш бўйича замонавий усулларни амалиётга жорий қилишда кечикиш; бозордан паст ставкаларда кредитлар берилиши ва бошқа бир қатор муаммолар... Буларнинг бари банк секторида давлатнинг устун мавқеи, банкларнинг турли давлат дастурлари ва корхоналарини молиялаштириш учун воситачи сифатида фаол жалб қилиниши натижасида юзага келган тизимли хатарлар ва муаммолардир.
Президентимизнинг 2020 йил 12 майдаги “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармонида хусусий сектор ривожланишини рағбатлантириш, банкларнинг инвестициявий жозибадорлигини, банк хизматлари оммабоплиги ва уларнинг сифатини ошириш учун давлат улуши мавжуд тижорат банкларини комплекс трансформация қилиш белгиланган.
Ҳозирда юртимизда 31 та тижорат банклари фаолият юритмоқда. Шундан:
давлат улуши мавжуд тижорат банклари 13 тани (“Миллийбанк”, “Саноатқурилишбанк”, “Асака банк”,“Агробанк”, “Ипотека банк”, Халқ банки, “Қишлоқ қурилиш банк”, “Алоқа банк”, “Микрокредитбанк”, “Туронбанк”, “Азия Алянс банк”, “Пойтахт банк”, “Ўзагроэкспортбанк”);
- акциядорлик тижорат банклари 3 тани (“Ипак йўли банк”, “Капитал банк”, “Универсал банк”);
- хусусий акциядорлик тижорат банклари 7 тани (“Ориент Финанс банк”, “Траст банк”, “Давр банк”, “Туркистон банк”, “Равнақ банк”, “Хай-Тек банк”, “Мадад инвест банк”);
- чет эл капитали иштирокидаги тижорат банклари 3 тани (“Ҳамкорбанк”, “Савдогарбанк”, “Инвест Финанс банк”);
- чет эл тижорат банклари 5 тани (“Содерот банк” - Эрон, “Зираат банк” - Туркия, “КДБ банк” - Жанубий Корея, “Тенге банк” - Қозоғистон, “TBC банк” - Грузия) ташкил этади.
2020 йил 1 июнь ҳолатига республика бўйича жами банк активларининг 85 фоизи, кредит қўйилмаларининг 89 фоизи, банк капиталининг 86 фоизи давлат улуши мавжуд тижорат банклари ҳиссасига тўғри келади. Вилоятимизда эса 18 та тижорат банкнинг филиаллари фаолият юритмоқда.
Масалан, 2020 йил 1 июль ҳолатига кўра, “Миллий банк”, “Агробанк”, “Асакабанк”, Халқ банки, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Ипотекабанк”, “Қишлоқ қурилиш банк”, “Микрокредитбанк”, “Алоқабанк”, “Туронбанк”, “Азия альянс банк” каби давлат улуши мавжуд банкларнинг жами активлари 14 453 миллиард сўмни, жамига нисбатан 89,4 фоизни, кредитлар эса 11 943,4 миллиард сўм ва улуши 90,3 фоизни ташкил этади. “Ҳамкорбанк”, “Ориент Финанс банк”, “Ипак йўли банк”, “Трастбанк”, “Савдогарбанк”, “Инвест финанс банк”, “Капиталбанк”да активлар 1706,2 миллиард сўм ва жамига нисбатан улуши 10,6 фоизни, кредитлар 1282,1 миллиард сўмни, улуш эса 9,7 фоизни ташкил этади.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоятимиздаги давлат улуши мавжуд банклар соф фойдаси 117,4 миллиард сўмни, бошқа банкларнинг соф фойдаси эса 35,4 миллиард сўмни ташкил этди. Бундан шундай хулосага келсак бўладики, бошқа банкларда активлар давлат улуши мавжуд банклардагига нисбатан 2,5 баробар самарадор. Яна ҳам тушунарли қилиб айтсак, ҳар 1000 сўмлик активлар биринчи гуруҳ банкларда ўртача 8 сўм, иккинчи гуруҳ банкларда 21 сўм даромад келтирмоқда.
Шу биргина таҳлил натижаси ҳам банк секторида давлатнинг юқори даражадаги аралашуви, давлат иштирокидаги банкларда менежмент ва таваккалчиликларни бошқариш сифатининг етарли эмаслиги, банк секторини иқтисодий янгиланишлар ва жамият эҳтиёжларига мос равишда ривожлантиришга тўсқинлик қилаётганлигини кўрсатиб турувчи жиҳат ҳисобланади.
Давлат улуши мавжуд тижорат банкларини комплекс трансформация қилиш орқали молиявий хизматларнинг оммабоплиги ошади, молия бозорида тенг рақобат шароитлари шаклланади, кредитлаш фақат бозор шартлари асосида амалга оширилади. Хизмат кўрсатиш модернизациялашади, банкларнинг самарали инфратузилмалари яратилади, камхарж хизмат кўрсатиш нуқталари тармоғи ривожланади, фаолият автоматлаштирилади, аҳоли ва кичик бизнес учун масофавий хизматлар кенг жорий қилинади, банк тизимининг молиявий барқарорлик даражаси ошади.
Шерзод СУВАНҚУЛОВ,
Марказий банк Самарқанд вилоят бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари.