Даврон Файзиев: «Динамо» — Суперлиганинг жумбоқ жамоасига айланади"
Бугун Про-лига иштирокчиси сифатида "Пахтакор"га қарши ўйинни бошлаган Самарқанднинг "Динамо" жамоаси ўйинни Суперлига вакили сифатида якунлади. Назорат баҳсида "Пахтакор"га кичик ҳисобда мағлуб бўлган "Динамо" бош мураббийи Даврон Файзиев жамоа расман Суперлигага йўл олганини ўйин давомида билди. Баҳс якунига етгач Суперлига жамоаси бош мураббийини қатор саволларга тутдик.
- Қизиқ, лекин факт: "Динамо" Суперлигада. Жамоа бунга тайёрми?
- Тўғриси, ўйин пайтида телефон қўнғироқлари тинмади. Телефон жиринглаётганида шундан озгина хавфсирагандим, кейин билсам барча биринчи бўлиб суюнчи олишни истаган экан. "Динамо" Суперлигага тайёрми? Ҳозир энди мураббий тайёр эмасман деса, унда футболчилар ўзига ишонмайди. Демак мен суперлигага тайёрман. Аслида жамоани биз Про-лига орқали Суперлигага олиб чиқишни режалаштиргандик. Шунга мослаб янги мавсумга тараддуд кўраётгандик. Лекин кутилмаганда бундай қарор қабул қилиниши одамни албатта хурсанд қилмай қолмайди. Ўйлайманки, ҳаммаси яхшиликка.
- Чемпионат стартига 10 кундан кам муддат қолди. Вазиятга реал қарайдиган бўлсак, "Динамо"га Суперлигада жуда қийин бўлади...
- Бу тўғрисида футбол сайтларида, газеталарда ёзишди, кузатиб турибман. Кўпчиликни "Динамо" Суперлигага чиқса жамоа бунга тайёр бўладими ёки жон сақлаш учун курашадими, деган савол қийнаётганди. Футболчиларни қаерда олади, деган саволлар юзага келаётганди. Мен бу мақола ва фикрларни кузатиб, ўзим учун хулоса қилиб келаётгандим. Энди ҳозирда кўплаб футболчилар аллақачон ўз жамоалари билан шартнома имзолашган ва янги клубларида жойлашишган. Биз эса асосан ёшларга эътибор қаратамиз. Янги мавсумда "Динамо" Суперлиганинг ҳақиқий жумбоқ жамоасига айланиши учун қўлдан келганча ишлаймиз. Мазкур ўтказаётган йиғинимиз орқали кам муддат қолган чемпионатга тайёрланишга ҳаракат қиламиз. Ўртадаги қисқа муддатдан ҳам унумли фойдаланиб қолишга интиламиз. Ҳозиргача "Насаф", "Пахтакор" ва бошқа жамоалар билан назорат учрашувлари ўтказишга эришдик. Айни пайтда жамоани маҳаллий футболчилар орқали кучайтиришни деярли имкони йўқ. Қисқа фурсат ичида легионерлар хизматига мурожаат қилишга уриниб кўрамиз. Марказий ҳимоя ва ҳужумда ҳеч бўлмаса тажрибали легионерга эҳтиёж бор. Ҳозирги олдимизда турган вазифа шулардан иборат. Ҳали клуб раҳбарияти билан гаплашиб олганимиз йўқ. Энди мазкур масалалар бўйича суҳбатлашиб оламиз. Агарда пулдан муаммо бўлмаса, унда иккита эмас, балки учта легионер олиб келармиз. Кўрамиз.
- Қисқа фурсат ичида Суперлигага дош берадиган жамоани шакллантириш қийин масала. Клуб раҳбарияти сизга бу борада вақт берадими? Ҳар ҳолда сиз Суперлига эмас, балки Про-лигага мослаб жамоа тузаётгандингиз. Мавсум бошлангач натижалар ёмонлашса барча савол мураббийга келиб тушади. Босим ва сўровлар айнан сизга қаратилади.
- Тўғри, натижа учун доим мураббий жавобгар бўлади. Самарқандга боргач клуб менежери Илҳом Шарипов, ҳомийларимиз ва вилоят ҳокими билан учрашиб, сиз айтиб ўтган масалалар бўйича суҳбатлашиб оламиз. Чемпионат стартига 10 кундан кам вақт қолганида Суперлигада қатнашиш аниқ бўлиши исталган Про-лига жамоаси мураббийи учун қийин. Лекин касбимиз шу, мураббийнинг иши шундай, ютсангиз яхшисиз, ютқазсангиз ёмон. Лекин мазкур айтиб ўтган жиҳатларингиз, қуйидаги масалалар бўйича раҳбарият билан гаплашиб оламиз. Огоҳлантиришни бизни вазифа, якуний қарорни эса барибир раҳбарият чиқаради.
- "Динамо" стадионининг майдон ҳолати қай даражада?
- Шуни аниқ айтишим мумкинки, майдонимиз ҳолати яхши. Бизнинг майдон ҳозирги кунда масалан "Пахтакор", "Насаф", "Қизилқум" ва "Локомотив" майдонлари сингари сариқ майсага кўзингиз тушмайди. Бундан муаммо йўқ. Текислиги бўйича ҳам муаммо йўқ. Фақатгина битта камчилигимиз, стадион ёриткичларида муаммо бор. Суперлигадаги ҳозирги талаб 1200-1500 люкс бўлса, бизники ҳозирги ҳолатда 800 люкс эди. Бу муаммони бартараф этишга улгурсак, қолган тарафлама муаммо йўқ. Академия, база ва ҳоказолар бўйича ишларимиз яхши йўлга қўйилган.
- Муҳим жиҳатлардан бири, бу жамоанинг молиявий ҳолати. Жамоа катта эҳтимол йиллик сметани Про-лигага мослаб тузган ва тасдиқлатганди. Клубнинг йиллик бюджети Суперлига талабларига қанчалик мос тушади? Йил давомида молиявий тарафлама қийинчиликлар бўлмаслигига ишонасизми?
- Ҳозир мазкур кўтарган масалангиз бўйича ўйиндан аввал гаплашиб тургандик. ПФЛ бизни Суперлигага қўйдими, демак ўз-ўзидан йиллик бюджет ҳам белгилангандек 25 миллиард бўлгани тасдиқланган. Акс ҳолда ПФЛ бизни Суперлигага қўймасди. Ҳар ҳолда мен шундай деб тушундим. Бунга қадар эса клубнинг йиллик сметаси Про-лигага мослаб тасдиқланганди. Ҳозирга қадар эса футболчилар билан январь ойи маошлари ҳам ҳисоб-китоб қилинганди. Айни пайтда "Динамо"да маошларни тўлаб бериш борасида барқарорлик юзага келган. Мен келганимдан буён "Динамо" футболчилар олдида қарздор бўлиб қолгани йўқ. Клуб бу борада барқарор. Биз футболчиларга катта маошлар ваъда бермаймиз, лекин бор нарсани ўз вақтида тўлаб келамиз. Буёғига Суперлигада ҳам молиявий тарафлама қийинчилик бўлмайди деб умид қиламиз. Барқарорликни сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз.
- Айни пайтда Про лицензияси курсларига ўқияпсиз, тўғрими? Яъни Суперлигада бош мураббий бўлиб ишлаш борасида ҳеч қандай муаммо юзага келмадими?
- Тўғри, ҳозирда ўқиш жараёни давом этмоқда. Про лицензиясига ўқишнинг тўртинчи модули бошланиш арафасида. Айтишларича, ўқиш Испания тизими асосида давом эттирилмоқда. Ноябрда имтиҳонлар бўлади. Сўнгра Про лицензияни қўлга киритиш имкониятига эга бўламан. Ўқиш жараёни пайтида эса Суперлигада ишлашга рухсат берилади. Худо хоҳласа "Динамо" Суперлиганинг жумбоқ жамоасига айланади.
Шаҳбоз Беғамов суҳбатлашди.