“Дайди тўп”, “Қурбақани сайр қилдирган лочин” ва “Дорбоз тулки”: Ёввойи табиатнинг энг яхши фотосуратлари
Буюк Британияда ёввойи табиатнинг ўзига хос байрами бўлмиш “British Wildlife Photography Awards” (BWPA) танлови натижалари сарҳисоб қилинди.
Ҳар йили BWPA Британиядаги фотосуратчиларнинг ёввойи табиатга бағишланган ажойиб ишларини бирлаштирган ҳолда оммавий ахборот воситалари эътиборини тортади.
2024 йилда Райан Сталкер “Океандаги дайди тўп” сурати билан BWPA ғолиблигини қўлга киритди
Дорсетда олинган суратда эски тўп акс этган. Сув юзасида у оддий бир оз шиширилган спорт анжомига ўхшайди. Сув остидаги қисмида эса бутун колонияни ҳосил қилган ғоз қисқичбақалари ёпирилган.
Ҳайратланарлиси шундаки, одатда бу организмлар Буюк Британия қирғоқларида яшамайди. Эҳтимол, улар бу тўпга тропик зонадан Атлантика бўйлаб минглаб километрларни босиб ўтгандир. Райан Сталкернинг бу ижоди “Соҳил ва денгиз” номинациясининг ҳам энг яхши сурати, деб топилди.
Юлдузли тундаги чуғурчиқ
Ҳайвонлар портрети номинациясида тунда парвоз қилаётган оддий чуғурчиқни суратга олишга муваффақ бўлган Марк Уильямс ғолиб бўлди. Фотосуратчининг объективида қуш ўта жозибали ва ҳатто бошқа дунёвий кўриниш берди. Бундай суратни тушириш учун муаллиф сабр-тоқат билан керакли фурсатни узоқ кутишига тўғри келди.
Осмонўпар қора қайин
Грэм Нивен “Ёввойи ўрмон” номинациясида ғолиб бўлди. У пастдан туриб барглари тўкилиб кетган Қора қайин (олха) дарахтларини суратга олди. Дарахтлар тепасидаги шох-барглар бошқа ўсимликлар ёруғлик олишига тўсқинлик қилмаслик учун бир-бирининг шохларига тегмасликка ҳаракат қилган ҳолда ўрмон қопламини ҳосил қилади. Ушбу йўл орқали дарахтлар паразитлар ва касалликларни юқтиришдан қочади, деган гипотеза ҳам йўқ эмас.
Дорбоз тулки
"Табиий муҳит" номинациясида горизонтал дарахт танаси бўйлаб эҳтиёткорона юрган тулки ғолибликни қўлга киритди. Уни Даниель Вальверде Фернандес Ноттингем яқинидаги ўрмонда суратга олган.
Арран тепасидаги қарға
Танловда, шунингдек, оқ ва қора фотосуратлар алоҳида номинация сифатида эътироф этилди. Унда Шотландиянинг Арран ороли устида ҳавода учиб юрган қарғани тасвирга олган Робин Додд олган сурат ғолиб бўлди.
***
Табиат гўзаллиги билан сеҳрлаши мумкин, шунингдек, табиат... кулгили (!) ҳам бўлиши мумкин! Аниқроғи, у эмас, балки унинг маҳсули - ўнғайсиз аҳволга тушиб қолган ҳайвонлар. Қуйида эътиборингизга ана шундай “қўлга тушган” ҳайвонларнинг кулгили фотосуратларини ҳавола этамиз.
BWPA нафақат Британия ёввойи табиатининг гўзаллиги ва хилма-хиллигини акс эттиради, балки уни сақлаш муҳимлиги ҳақида хабардорликни оширади. Танлов фотосуратчиларга ўз маҳоратини намойиш этиш имкониятини бериш билан бирга, биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш ва сақлашда табиатни суратга олиш муҳимлигини таъкидлайди.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.