Деҳқончилик истагидаги ёшларга 24 минг 571 гектар ер майдони ажратиб берилади
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2021 йилда ёшлар бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида деҳқончилик қилиш учун ер майдонлари ажратиб бериш белгиланди.
Ушбу ташаббусдан келиб чиқиб, вилоятда иш билан банд бўлмаган 160 минг ёшларнинг ҳар бирига пахта экиладиган ва бошқа ер майдонлари ҳисобидан 15 сотихдан жами 24 минг 571 гектар ер майдони ажратиб берилади.
Шундан келиб чиқиб, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Самарқанд вилояти кенгаши ёшларга уларнинг бандлигини таъминлаш, деҳқончилик қилишлари учун ер майдонларини ажратиб берилиши ва ундан самарали фойдаланиш бўйича мурожаат йўллади. Унда ёшлар учун ажратилган ер майдонларига белгиланган қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, парваришлаш ҳамда етиштирилган ҳосилни йиғиштириб олишгача бўлган барча агротехник тадбирларни босқичма-босқич амалга ошириш, қишлоқ хўжалигида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш, деҳқончиликда илғор технологияларни қўллаш зарурлиги таъкидланган.
Шунингдек, жорий йилда вилоятда қарийб 21 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилади. Мурожаатда бу жараёнда ҳам ёшлар ташаббус кўрсатиши, унинг бевосита иштирокчиси сифатида замонавий деҳқончиликни ўзлаштиришлари зарурлиги уқтирилди.