Денгиз ҳақида нималарни биламиз?
Денгиз – синоатларга бой сув ҳавзаси. Хўш, денгиз суви қанчалик шўр? Энг шўр денгиз қайси? Қайси денгизларда кўпроқ балиқ овланади? Энг узун пляж қаерда? Энг чиройлиси-чи?Денгизсиз пляж ҳам борми? Бўлса у қаерда жойлашган? Келинг, шу каби қизиқарли маълумотлар билан танишамиз.
Денгиз суви таркибида қанча туз бор?
Денгиз суви шўр, буни ҳамма билади. Аммо унинг таркибида қанча туз бўлади? Бир литр сувида 35 грамм! Агар дунё денгизлари сувини бу ҳажмга кўпайтирсак, биз миллиардлаб тонна туз олар эканмиз.
Ўлик денгиз - энг шўр денгиз
Энг шўр денгиз (1 литр сувида 330 грамм туз бор) бу Исроил ва Иордания ўртасида жойлашган Ўлик денгиз. У аслида кўл, чунки океанга чиқа олмайди. Агар сиз уни кўл сифатида кўрадиган бўлсангиз, у “тузлаш” бўйича биринчи ўринда турувчи Антарктидадаги Дон-Жуан кўлидан кейинги жойни эгаллайди (400грамм/килограмм).
Совуқ денгизда балиқ кўп бўлади
Балиқ овлаш жойларининг аксарияти Тинч океани ва унинг денгизларида жойлашган (дунё бўйича ов қилинадиган балиқларнинг 51 фоизигача). Иккинчи ўринда ўзининг денгизлари билан Атлантика океани (33 фоизгача) туради. Совуқ денгизлардаги сув кислородга бой, шунинг учун бу ерда балиқ кўпроқ бўлади.
Энг узун пляж
Дунёдаги энг узун пляж Бангладешдаги Кокс-Базар пляжидир: унинг узунлиги 120 километрдан ошади.
Энг чиройли пляж
Саёҳат ихлосмандлари томонидан яратилган TripAdvisor cайти фойдаланувчилари фикрига кўра, Кариб денгизидаги Теркс ва Кайкос оролларида жойлашган Greys Bay пляжи 2018 йилда дунёдаги энг гўзал пляж деб топилди.
Денгизсиз пляж қаерда жойлашган?
Германия пойтахтидан 70 километр узоқликда улкан гумбаз билан қопланган ва 50 минг ўсимлик билан ҳақиқий тропикка айлантирилган чиройли пляж жойлашган. Бу дунёдаги энг катта аквапарк ҳисобланади.
Дунёдаги энг катта жонзот
Нафақат океаннинг, балки бутун сайёрамизнинг энг катта ҳайвони бу кўк китдир. Унинг узунлиги 33 метрга етади, вазни эса 150 тоннадан ошади. Агар таққослайдиган бўлсак, фил унга нисбатан кичик ўйинчоққа ўхшайди.
Денгиздаги чиқиндилар
Афсуски, денгиз чиқиндиларининг 90 фоизини одамлар томонидан ташлаган пластиклар ташкил этади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.