Депутат Эндокринология марказидагига ўхшаган ҳолат Республика онкология марказида ҳам томир отиб кетганини айтди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фаракцияси аъзоси депутат Расул Кушербаев Эндокринология марказидагига ўхшаган ҳолат Республика онкология марказида ҳам томир отиб кетганини айтди.
У ўзининг телеграм каналида қуйидагича пост қолдирган.
Эндокринология марказидаги вазиятни бундай услубда видеога олганларни оқламоқчи эмасман, бироқ нима бўлганда ҳам марказдаги яширин ифлосликларни ўзлари билганича очиб беришибди. Бу марказдаги бундай қинғирликларни узоқ йиллардан буён давом этаётганидан ва томир отиб кетганидан далолат.
Бир неча йил бурун марказдаги бундай ўйинларга гувоҳ бўлиб, ҳозирда марказ директори ўша вақтда ССВ вазири бўлган Анвар акага кириб шикоят ҳам қилувдим, лекин ўша ўша вазият.
Афсуски бундай ҳолатлар бошқа марказлар, жумладан, республика онкология марказида ҳам томир отиб ётганлиги ҳақида одамлардан кўп эшитиб, гувоҳи бўлаяпмиз. Бундай порахўр, ўз чўнтагини одамлар ҳаётидан устун қўйиб, Гиппократ қасамини бир тийин қилаётганларга йўл бериб, яна уларни оқлаб ўтирганлар олим бўлса ҳам ўрнига номуносиб эканлигини тан олишлари ва бунақа "врачлик" учун жамоатчилик олдида ошкора жавоб беришлари керак.
Ишни бир вақтлар отни калласидай ўз чўнтагига пулини олиб, ҳаётини сақлаб қололмаган ва малакасизлиги учун "бандачилик" деб қутулган марҳумларнинг қариндошларидан бош эгиб, узр сўрашдан бошлашса ҳам ёмон бўлмасди, деб ёзади депутат.