Депутат кўмагида кўча ёриткичлар ўрнатилиб, ёғоч устунлар алмаштириладиган бўлди

Халқ депутатлари Жомбой тумани Кенгаши депутати Нодир Тўраев 11-Ғазира сайлов округидаги сайловчилар билан учрашув ўтказди. Унда маҳалла фаоллари, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этди.

Учрашув давомида фуқаролар томонидан 30 га яқин мурожаатлар қабул қилинди. Айрим масалалар жойида ижобий ҳал этилган бўлса, қолганлари тегишли мутасадди ташкилотларга бириктирилиб, ижроси депутат назоратига олинди. Зарур ҳолларда депутатлик сўровлари чиқарилиши белгиланди.

Фуқаро Абдулазиз Мардиев томонидан маҳалладаги ички йўлни асфальт қилиш, яроқсиз симёғоч устунларни алмаштириш ҳамда ўрнатилган тунги ёритгичлар ишламаётгани юзасидан мурожаат қилинди. Маълум бўлишича, ушбу ёритгичлар ободонлаштириш балансида бўлса-да, амалда ёнаётган эмас. Мурожаат юзасидан туман ободонлаштириш бўлими томонидан кўчага қуёш энергиясида ишлайдиган янги ёриткич ўрнатиш, туман электр корхонаси томонидан эса 12 та яроқсиз симёғоч устунни алмаштириш белгиланди.

Шунингдек, Нодира Аҳмедова Сариқипчоқ маҳалласига келувчи асосий йўл таъмирталаб аҳволга келиб қолганини билдириб, уни таъмирлаш масаласини кўтарди. Ушбу йўл туман автойўл корхонаси томонидан бир ҳафта ичида таъмирлаб берилиши режалаштирилди.

Асқар Ваҳобов томонидан Ғазира маҳалласининг Дўнг қишлоғидан Шакар қишлоғигача бўлган йўлни асфальтлаш таклифи илгари сурилди. Масала юзасидан туман ободонлаштириш бўлими томонидан 2026 йилнинг иккинчи ярим йиллигида йўлни асфальт қилиш ишлари амалга оширилиши маълум қилинди.

Шунингдек, кадастр масалалари, ички йўлларни шағаллаштириш, болалар боғчаси қуриш, трансформаторларни таъмирлаш, моддий ёрдам ва ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар кўтарилди. Ҳар бир мурожаат тегишли ташкилотлар кесимида қайд этилди ва уларнинг ижроси устидан доимий назорат ўрнатилиши таъкидланди.

Шу куни депутат Сариқипчоқ маҳалласида ўтказилган “Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳасининг саралаш босқичида ҳам иштирок этди. Ушбу тадбир “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови доирасида ташкил этилиб, маҳаллада фаолият юритаётган тадбиркор хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилди.

Тадбирда тадбиркор Сабоҳат Коржаеванинг фаолияти эътироф этилди. У ўзининг 8 сотих ер майдонида барпо этган иссиқхонасида 100 тупдан зиёд лимон дарахтлари парваришлаб, йилига икки маротаба ҳосил олмоқда. Мавсум давомида лимонарийдан 100 миллион сўмгача даромад олишга эришмоқда. Шу билан бирга, маҳалла хотин-қизларини иш билан таъминлаб, уларнинг бандлигини оширишга ҳисса қўшмоқда.

Айни пайтда тадбиркор қўшимча иссиқхона қуриш ва мандарин кўчатларини экишни режалаштирган. Бу эса нафақат оилавий даромадни ошириш, балки маҳаллада янги иш ўринлари яратиш имконини ҳам беради.

Учрашув ва тадбирлар аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш, фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказиш, хотин-қизлар тадбиркорлигини рағбатлантириш йўлида муҳим қадам бўлди.