Депутатман, дейишга ийманаман...
Бу битикни ёзишга олти ойдан кам тайёрланмадим. Аммо одатдагидек, материал тўплаш учун эмас. Қандайдир жараённи ҳам кутганим йўқ. Рости, ёзишга қўрқдим (ҳозир ҳам қўрқиб турибман). Тан олиш, иқрор бўлиш жуда оғир.
Туман кенгаши депутатиман.
Келинг, қисқача шу ҳақда.
Туман кенгашида бўшаб қолган ўринга номзодимни таклиф этишди. Аниқроғи, сайловнинг бир ҳафта нари-берисида. Руҳий тайёр эмасдим, депутатнинг ваколати, мажбуриятини билишга, ҳис этишгаям улгурмадим. Шунчалик тез депутатга айландимки, англамай қолдим. Мени ким сайлади, нега сайлади, ҳозиргача тушунмайман.
Ўйлайманки, тумандаги бир ташкилот раҳбари эканим, газетада муҳаррирлигим депутат бўлишга лойиқлигимни билдирмайди. Бундай бўлмаслиги керак. Одамнинг лавозими сайловларда роль ўйнаши тарафдори эмасман.
Масалан, мансабдорга депутатлик нега керак? У ўз ишини қилсин, рисоладагидек одамлар билан муомалада бўлсин. Тизим ва остонасига келганларга хиёнат қилмасин, тамом. Шунинг ўзи раҳматга муносиб. Қайсидир ташкилот бошлиғими ёки донғи кетган тадбиркорми, бўлди, у албатта депутат этиб сайланишига ўрганиб қолганмиз.
Қизиғи, ўша машҳурлардан сайланганлар орасида сессиянинг “с” ҳарфини тушунмайдиганлари бор. Чунки, аксарияти бундай йиғилишларда қатнашмайди, қатнашсаям энсаси қотиб ўтиради. Қуруққа қўл кўтаради, “тасдиқлайди”.
Савол туғилади, у халқнинг дардини биладими? Қизиқми унга бошқаларнинг муаммоси? Йўқ!
Рости, дастлабки сессияларда қатнашганимда кун тартибига қўйилган масалаларни ўқиб, бу қарорларни депутатлар тасдиқлашини англаганимда, суюнганман. Бундай олиб қараганда, туманга, вилоятга оид қарорларни кенгаш депутатлари ҳал қиляптими (буни ҳамма ҳам англаши, англамаслиги бу бошқа масала), қоғозда у ростдан ҳам халқ вакили-да!
Аммо тушундимки, баъзан “овозга қўяман” деган каломга “қаршиман”, “эътирозим бор” деёлмай қоларкансиз. Чунки ёнингизда кўтарилган “30 та қўл” бунга йўл қўймайди. Уларга қўшилиб оққанингизни билмай қоласиз. Савол берсангиз, энсақотишлар, зардали нигоҳлар таъқибида қоласиз. Чунки бошқаларнинг вақтини олаётган бўласиз (!). Сессиянинг тезроқ тугашини кутаётган айрим сафдошларингизга ёқмайсиз. Бунинг ошкора ва яширин белгилари сизга ўша заҳоти маълум бўлади.
Қанчалик даҳшат-а! Депутат сессиянинг тугашини, англанмаган масаланинг тезроқ ёпилишини кутса! Шундан кейин ҳам депутат бўлишга ҳавас қолади, дейсизми?
Очиғи, бирор ўзим тушунмаган, ишонмаган масалани тасдиқлаш сўралганда, ичимдан қиринди ўтади. Баъзан қўл кўтармай қўяман. Буям аслида виждонни овутиб қўйиш учун. Ҳарқалай, олқишламадимку, деб ўзимни юпатиш учун.
Сессияларда ўнлаб масалаларнинг икки-уч соатда кўрилиши бу алоҳида мавзу.
Ҳуқуқ тартибот органлари раҳбарларининг ҳисоб бермайдиган қуруқ ҳисоботи, ахбороти ҳам “ёпиқ мавзу” бўлмаслиги керак, албатта.
Ижтимоий тармоқларда энг қуруқ, текинхўр, иккиюзламачи тоифа ҳақида гап кетса, депутатларни ҳам тилга оладиган бўлишди.
Яқинда ўзим сайланган ҳудуддан бир амаки юзимга қараб, “Сиз депутатимиз эканлигингизни энди билдим. Тез-тез келиб турсангиз бўлмайдими?”, деди. Қанийди, шундай пайтда ер ёрилса, кириб кетсангиз. Яхшиям, шу атрофдаги танишимиз “Бу киши газета муҳаррири. Буларнинг иши ҳам депутатнинг ваколатларига яқин туради. Битта бизнинг ҳудуд эмас, туманнинг муаммоларини кўтариб чиқишяпти-ку”, деди. Мени танимаган “сайловчим” бу жавобга қониқдими, йўқми, бу менга қоронғи. Аммо ўзимдан ўзим қониқмадим, қониқмаяпман.
Саволлар уюлиб келади. Хўш, депутат бўлиб нима қилдим? Қарға “қағ” этганда чиқарадиган депутатлик сўровим кимга керак? Бу билан нима ўзгаряпти? Журналист сифатида биз кўтарган муаммоларга келгани каби қуруқ жавоб хатлар одамларга нон-ош берадими? Яшашини яхшилайдими? Сайланган ҳудудимда йилда тўрт марта қандайдир йиғилишда қатнашиб, ўзимча одамларни эшитган бўлиб, айрим ҳолатда ижтимоий ўрганишларда иштирок этишим мени депутат қилиб қўядими? Маҳаллада қанча одамни танийман? Қанча одам мени танийди? Афсуски, ўзимга берадиган саволларим тобора оғирлашиб бораверади...
Нима қилмоқ керак? Бу тизим ўзгариши лозим. Аввало, бўлажак депутатдан “Сен шуни хоҳлайсанми? Бу ишни эплашга кўзинг етадими? Соҳага оид қонунлардан қанчалик хабардорсан?” деб сўраш керак. Депутат халқнинг ўзидан чиқсин. Том маънода одамларнинг вакили бўлсин. Лавозим, амал талаб қилиш шарт эмас. (Ёзилмаган, аммо қаттиқ ишлайдиган қоидаларни назарда тутяпман). У қонун билан ишласин. Унинг сўровига жавоб бермайдиган, беписанд, масалага юзаки қарайдиган, “гапни айлантирадиган” ташкилот раҳбарининг жавобгарлиги кучайтирилсин. Яхши маънода депутатдан ҳайиқишни ўрганайлик. У халқнинг кўзгусига айлансин. (Депутат ойлик олсин, рағбатлантирилсин). Нега “рағбат” деяпман? Айримлар депутат бу рутба ортидан бойлик орттиряпти ёки молиявий таъминоти зўр бўлса керак, деб ўйлайди. Амалда уларнинг аксарида эшак араваям йўқ.
Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов “Эътиқодимни нега ўзгартирдим?” деб ёзганида, унга осон бўлмаганини тушуняпман. Лев Толстой “Иқрорнома”сини битаётганда, ўзи билан аёвсиз олишганини англагандай бўляпман. Иқрор бўлишдан оғири йўқ. Бу жараёнга осонликча келиб бўлмас экан. Оғир уятни ҳис этаркан, киши.
Аммо ўзингдан уялишни бас қилиш учун ҳам одамга иқрор керак.
Хуллас, депутатман дейишга ийманаман!
Исомиддин ПЎЛАТОВ,
“Жомбой тонги” газетаси муҳаррири.