«Динамо» жамоаси Беларусда йиғин ўтказмоқда

Мавсумнинг иккинчи давра баҳслари олдидан жамоага икки ҳужумчи қўшилди.
Вадим Абрамов бошчилигидаги «Динамо» жамоаси биринчи давра баҳсларини муваффақиятли ўтказди. 15 ўйинда 8 ғалаба, 5 дуранг, 2 мағлубият қайд этди ва биринчи даврани 3-ўринда якунлади.
Айни пайтда жамоа 14 июлдан мавсумнинг иккинчи қисмига тайёргарлик кўриш ва таркибни кучайтириш мақсадида Беларус пойтахти Минск шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда.
Клуб ахборот хизматининг маълум қилишича, 12 кунлик хориж йиғини доирасида Самарқанд жамоаси учта ўртоқлик учрашувида майдонга тушиши режалаштирилган бўлиб, 20 июль куни Беларус чемпионатида 2-ўринни эгаллаб турган «Славия»га қарши майдонга тушди ва дастлабки ўйинда 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Энди «Динамо» 23 июлда «Молодечно» клуби билан, 25 июль куни эса «Витебск» клубига қарши ўртоқлик баҳсини ўтказиб, 26 июлда юртимизга қайтади.
Йиғин давомида жамоани кучайтириш мақсадида янги футболчиларни жалб қилиш ҳам режалаштирилган бўлиб, жамоа ярим ҳимоячиси Воҳиджон Оқбўтаев ва тожикистонлик ҳимоячи Манучеҳр Сафаров билан ўзаро келишувга кўра хайрлашди.
Шу билан бирга, мавсумнинг биринчи даврасини «Пахтакор» сафида ўтказган 24 ёшли ҳужумчи Улуғбек Ҳошимов «Динамо» клуби билан 1,5 йиллик шартнома имзолади. Ўзбекистон олимпия жамоасида тўп сурган Улуғбек Ҳошимов ўтган йиллар давомида «Нефтчи», «Сурхон», «Пахтакор» клублари шарафини ҳимоя қилган. У ҳозирда «Динамо»нинг Беларусдаги йиғинида иштирок этмоқда.
Мавсумнинг 1-даврасини «Сурхон» сафида ўтказган Жаҳонгир Абдусаломов ҳам «Динамо» жамаоси аъзосига айланди. 26 ёшли ҳужумчи билан 1,5 йиллик шартнома имзоланди. Абдусаломов фаолияти давомида «Сурхон»дан ташқари Суперлигада «Бунёдкор» ва «Машъал» шарафини ҳам ҳимоя қилган. Жаҳонгир Абдусаломов «Динамо»нинг Беларусдаги йиғинига бориб қўшилган.
Маълумот учун: «Динамо» жамоаси Суперлига 2-даврасининг дастлабки ўйинида 2 август куни Самарқандда «Навбаҳор»ни қабул қилади.