“Док-1 Макс” дори воситаси билан боғлиқ жиноят иши жараёни юзасидан расмий ахборот берилди: жами 21 киши судланмоқда

Тошкент шаҳар судининг иш юритувига С. Р. П. (эркак, Ҳиндистон Республикасида туғилган, “Quramax Medikal” МЧЖ директори), С. К. (эркак, Тошкент шаҳрида туғилган, бир вақтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ва унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори лавозимларида ишлаган) ва бошқаларга (жами 21 киши: “Quramax Medikal” МЧЖ ва “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК масъул ходимлари) оид жиноят иши келиб тушган бўлиб, уни кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни жорий йилнинг 11 август куни соат 10.00 да бошланиши белгиланди.

Айбланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл бўлиб, уларнинг 7 тасига “қамоққа олиш”, 12 тасига “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” ва 2 тасига “гаров” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.

Улар Жиноят кодексининг 184, 28,186-3, 186-3, 25,205, 205, 207, 28,209, 209, 210, 211, 212, 228-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Тасдиқланган айблов хулосасига кўра содир этилган жиноятлар оқибатида 65 нафар ёш бола вафот этган.