Доллар тўла сейфни ўмарган жиноятчиларнинг 4 нафари қўлга олинди
Тошкент шаҳрининг Шайҳонтоҳур туманидаги 4 қаватли уйнинг иккинчи қаватида жойлашган хонадондан ичида йирик миқдорда валюта бўлган сейфни босқинчилик йўли билан ўмарган жиноятчиларнинг тўрт нафари қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент ИИББ хабар берди.
"Босқинчилик" (164-модда 4-банд) моддаси бўйича жиноят иши очилган ва унга кўра, жиноятчилар 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин эди.
Тошкент шаҳар ИИББ инсонпарварлик нуқтаи назаридан жиноятчиларга мурожаат қилган ва агар улар ички ишлар бўлимига келиб таслим бўлсалар, уларга бериладиган жазо енгиллаштирилишини маълум қилган эди. Афсуски, жиноятга алоқадор шахслар жабрланувчиларга ўғирланган буюмларни қайтариб бериш, қилган ишларига пушаймон бўлиб, ички ишлар органларига ўз ихтиёрлари билан келиш имкониятини қўлдан бой беришди.
ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тергов-тезкор тадбирлар натижасида ушбу жиноятни содир этган жиноятчилар шахси аниқлаштирилган. Уларнинг барчаси муқаддам судланган шахслар эканлиги айтилмоқда.
Жиноятчиларнинг ёнидан ашёвий далил сифатида пулларнинг бир қисми, ниқоблар ва қўлқоплар топилган.
Маълум бўлишича, жиноят содир этилгач, босқинчилардан бири интернетда ИИББнинг ўз хоҳиши билан таслим бўлиш эълонини кўрган ва улар ўртасида келишмовчилик рўй берган.
Шундан сўнг жиноий гуруҳнинг икки нафари қочиб кетган.
Тошкент ИИББда улар Қозоғистон чегарасидан қачон ва қаерда кесиб ўтганлиги ҳақида маълумот бор. Улар борасида тезкор-қўлга олиш чоралари кўрилмоқда.