Дубайдаги олтин ром. У нима?
Дубай шаҳар аҳолиси ва ўз меҳмонларини ҳайратда қолдиришда тўхтамаяпти. Бошқа мавжуд довруғли бино ва қурилмалар қаторида “Zabeel” боғида жойлашган яна бир ўзига хос, тузилиши улкан фото рамка шаклида қилинган янги “Дубай рамка”си аллақачон диққатга сазовор жойга айланди. Дубай роми 2018 йилнинг 1 январида очилди.
Лойиҳа жуда рамзий маънога эга бўлиб, эски ва янги Дубай ўртасидаги чегара ойнасини ифодалайди. У бир томондан Бурж Халифа ва Шайх Зайид йўли бўйлаб осмонўпар бинолар каби замонавий диққатга сазовор жойларни, бошқа томондан эса шаҳарнинг эски қисмлари (Буржи Дубай ва Дейра) кўринишини тақдим этади.
Иншоот баландлиги 150 метр (бу Гизадаги Миср пирамидасидан 11 метр баландроқ), кенглиги эса 93 метрдан иборат. Қурилиш жараёнида 3 минг квадрат метр ламинацияланган шиша, 9900 куб/метр цемент, 2000 тонна пўлатдан фойдаланилган, қурилманинг сирти эса олтин билан қопланган.
Лойиҳа қиймати 40 миллион АҚШ долларидан ортиқни ташкил этади. 7145 квадрат/метр майдонни эгаллайдиган ром 48 қаватдан иборат, энг юқорига кўтарилиш учун 75 сония кифоя.
Қизиқ, унинг ичида нима бор экан?
Аввало, ташқи томони бўм-бўш каркасга ўхшайдиган бино ичкарисида сиз ўзингизни энг сўнгги технологиялардан фойдаланган ҳолда амирлик тарихи билан таништирувчи замонавий интерактив музейда топасиз. Қизиқарли жараён ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
Қуш учадиган баландликдаги рамканинг юқори қисмида шаҳарнинг кенг манзараси намоён бўладиган кузатув майдончаси жойлашган. Кўриниш ҳақиқатан ҳам ҳаяжонли ва агар бунга у бўйлаб юришингиз мумкин бўлган шаффоф ойнали полни қўшсак, киши танаси жунбушга келиши бор гап. Бундан ташқари, бинода кўплаб интерактив қурилмалар ва кичик кафе бор.
“Келажак галереяси”даги виртуал реаллик технологияларидан фойдаланган ҳолда, ташриф буюрувчилар шаҳар тахминан кейинги 50 йил ичида қандай ўзгариши режалаштирилаётганини кўриши мумкин.
“Дубай роми” ҳар куни соат 10:00 дан 19:00 гача ташриф буюрувчилар учун очиқ. Унга кириш пуллик - чипта учун катталар 14 доллар, болалар учун 6 доллар тўланади. Кексалар ва қўшимча эҳтиёжга эга одамлар "рамка"га бепул кириши мумкин.
Баҳора тайёрлади.