Дунёдаги “бошқача” музейлар

Бугун Халқаро музейлар куни. Шу боис дунёдаги энг ноодатий музейлар бўйлаб "сайр қилиш"ни лозим топдик. Қолаверса, музейлар бизга халқлар тарихи, маданияти, ҳаётини ўрганишга ёрдам беради. Дунёда қизиқарли, ҳақиқий хазиналар билан тўлиб-тошган, зерикарли, шошқалоқлик билан яратилган ёки ёрқин номи билан ажралиб турадиган “бошқача” музейлар ҳам бор.

Пуллар музейи

Канзас-Сити (Миссури, АҚШ) шаҳрига ташриф буюрувчиларга АҚШ молия тизими ҳақида бепул ва батафсил тушунча берадиган музейга бориш таклиф қилинади. Музейнинг ўзи Канзас-Сити Федерал захира банкида жойлашган. Меҳмонлар штатдаги энг йирик пул омборхонасини кўришлари, ўз валюталарини яратишлари ва машҳур Трумен тангалар коллекцияси билан танишишлари мумкин.

“Муваффақиятсиз санъат” музейи

Албатта, санъатга баҳо бериш деярли мумкин эмас, чунки у субъективдир, бироқ “Ўнгидан келмаган санъат” музейида тақдим этилган экспонатларни, масалан, чиқинди қутиларини бошқа жойда тасаввур қилиш қийин. Массачусетс штатида жойлашган иккита галереяда ғайриоддий, кулгили расмлар ва ҳайкаллар мавжуд. У ерга кириш бепул ва унинг "Санъат эътиборсиз қолгани туфайли жуда қадрсиздир", дейилган ўз шиори бор.

Туздон ва қалампирдон музейи

ҚШнинг Гетлинбург шаҳрида музейда сақланадиган энг катта туздон ва мурчдон коллекцияси жойлашган. Музейда дунёнинг турли бурчакларидан тўпланган 20 минг жуфтдан ортиқ туз ва қалампир идишчалари бор. Шунингдек, у ерда чиғаноқлар, тоғ тошлари, кристаллар ва ҳатто қимматбаҳо тошлар каби ноодатий материаллардан тайёрланган эксклюзив тузлуқ ва мурчдонлар тақдим этилган.

Рамён (япон миллий таоми) музейи

Саёҳат қилиш ҳар доим ёқимли ва қизиқарли, унда қанча янги нарсаларни билиб олиш мумкин. Мисол учун, Японияда угра ва сабзавотлардан тайёрланадиган рамён таомини жуда яхши кўришади. "Кунчиқар мамлакат"да жойлашган ажойиб Shin-Yokohama номли рамён музейида тўғри овқатланиш учун керак бўлган ҳамма нарса - овқат пишириш ва овқатланиш учун идишлар, пардалар, ошпазлар фартуклари, таёқчалар ва 300 дан ортиқ махсус ликобчалар бор. Ташриф буюрувчиларга машҳур таомнинг тарихи билан танишиш, рамённи тўғри тайёрлашни кузатиш, шунингдек, рамён иштирокидаги реклама ва видео ўйинлар тақдим этилади.

Халқаро жосуслик музейи

Сиёсий воқеаларнинг мураккаб жумбоқларини билиб олишни хоҳлайсизми? У ҳолда Халқаро жосуслик музейи айнан сиз учун! Вашингтонда жойлашган музейда жосуслар олами ёдгорликлари, шунингдек, шпионлар ҳақида тарихий маълумотлар акс эттирилган экспонатлар мавжуд. Меҳмонлар бу ерда Марказий разведка бошқармаси ва бошқа махфий хизматлар агентларининг турли хил жосуслик қурилмалари, транспорт воситалари, қуроллар, овоз эшитиш мосламалари, камералар ва транспорт воситалари билан танишишлари мумкин.

Спам музейи

Бу сиз ўйлаган нарса эмас. Дастлаб “Спам” сўзи колбаса учун консервалаб қўйилган қийма гўштни билдирган. Миннесота штатининг Остин шаҳридаги музей барча меҳмонларни маркали қийма гўшти билан сийлайди. Жавонларда 3 минг 400 дан ортиқ қути спам жойлаштирилган, мониторларда машҳур қийма гўштнинг эски реклама роликлари доимий равишда айлантириб борилади.

Ўрта аср қийнаш анжомлари музейи

Европа тарихи китобларида инквизиция ва қийноқлар ҳақидаги тарихий фактлар жуда кўп. Чехия пойтахти Прага шаҳридаги Ўрта аср қийноқ анжомлари музейига ташриф буюрувчилар даҳшатли даврда қўлланилган шафқатсиз асбобларни ўз кўзлари билан кўришлари мумкин.
Музейда 60 га яқин ана шундай асбоб ва ускуналар мавжуд бўлиб, гидлар уларни қўллаш ҳақида турли тилларда ва батафсил сўзлаб беради. Ҳар бир қуролда ундан фойдаланиши тасвирланган ўйма нақшлар мавжуд.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.