Дунёдаги энг ғалати шўрвалар
Биз кўпинча анъанавий, оддий ва ўзимизга таниш таомларни хуш кўрамиз. Баъзилар ғайриоддий, янги ва экзотик нарсаларни синаб кўришни яхши кўрадилар.
Қуйида келтирилган ғалати шўрвалар ҳатто ашаддий овқат шинавандаларини ҳам ҳайратда қолдиради. Бу қанақа таомлар ва уларнинг қандай ғайриоддий нарсаси бор?
Менудо
У Мексикада тайёрланадиган анъанавий шўрва бўлиб, бош оғриғига даво ҳисобланади. Камида етти соат қайнатиладиган таом таркибига сигир ошқозони, пиёз, орегано (райҳон), кашнич, Чили аччиқ қалампири ва маккажўхори киради.
Кибуру

Танзаниядаги қабила шўрваси - Кибуру банан ва ловиядан тайёрланади. Шўрванинг учинчи таркибий қисми - ҳақиқий лой(!) уни дунёдаги ноёб таомлардан бирига айлантиради. Зиравор сифатида дарахт шохлари ҳам қўшилади, ҳосил бўлган қоришмага сув аралаштирилади. Лаззати ғалати даражада тупроқ таъмини беради.
Қуш инидан тайёрланадиган шўрва

Қушлар уялари Хитойда пазандалик ва косметологияда кенг қўлланилади. Айтганча, бу шўрва жуда қиммат таом, чунки қуш уяларини териб олиш осон эмас, айниқса уларнинг косметикадаги машҳурлигини ҳисобга олсак.
Қандай қилиб уяни ейиш мумкин экан?
Гап шундаки, хитойликларни уя қурган қушларнинг сўлаклари ўзига жалб қилади. Шунинг учун улар қайнатилиб, жуда ғайриоддий бульон яратилади.
Кўршапалак шўрва

Бу шўрва Палау оролида тайёрланади. Бунинг сабаби шундаки, у ерда истеъмол қилинадиган гўшт маҳсулотлари жуда кам. Шўрвани татиб кўрмоқчи бўлган довюракларнинг таъкидлашича, агар ташқи кўринишига эътибор берилмаса, унинг таъми унчалик ёмон эмас. Ахир, косанинг тепасида кўршапалаклар боши қўйилган бўлади-да.
Қон шўрва

Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, хом ғоз қони! Ушбу шубҳали мазахўрак Вьетнамда истеъмол қилинади. Унинг таркибида товуқ ичак-чавоқлари, ерёнғоқ ва кўкатлар мавжуд. Қуш гриппи билан касалланиш хавфига қарамай, шўрва желега ўхшаб қолганда совуқ ҳолда тортиқ қилинади.
Юмшоқ қилиб айтганда, дунёда бундай жозибали таомларни татиб кўрмоқчи бўлган жасоратлилар кўп эмас. Ҳатто энг қизиқувчан овқат шинавандалари ҳам кўршапалакнинг боши, хом қон ёки бошқа шунга ўхшаш “нозикликлар”дан узоқроқ туришга ҳаракат қилишади.
Сиз-чи, ушбу шўрвалардан бирортасини татиб кўрган бўлармидингиз?
Баҳора Муҳаммадиева.