Дунёдаги энг оғир ва хавфли ишлар

Касбий фаолиятнинг кўплаб соҳаларида одамлар мунтазам равишда соғлиқ ва ҳаёт учун жиддий хавфларга дуч келади. Жиддий жисмоний талаблар асосида иш олиб бориб, ҳар куни ўз ҳаётларини хавф остига қўядиган ўт ўчирувчилар, қутқарувчилар ва кончилар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, хавфли ёки зарарли меҳнат шароитлари туфайли умр кўриш давомийлигининг қисқаришига олиб келадиган бошқа касблар мавжуд ва кўпинча бундай фаолият муносиб даромад келтирмайди.

Вулқондан олтингугурт қазиб олувчилар

Индонезиядаги Ижен вулқонида олтингугурт қазиб олиш дунёдаги энг хавфли ишлардан бири ҳисобланади. Тахминан 2800 метр баландликка кўтариладиган вулқоннинг диаметри тахминан бир километр кратерга эга. Вулқон оғзида одамлар учун ўлим хавфи туғдирадиган сульфат кислотадан иборат зумрад рангли кўл бор.

Нафас йўллари касалликларини келтириб чиқарадиган заҳарли водород сульфидига қарши ниқоб тақишга имконияти йўқ олтингугурт қазиб олувчилари юзларини ҳимоя қилиш учун нам латталардан фойдаланишади.

Ишчилар кратердан елкаларида 70 килограммгача олтингугурт бўлган юкларни олиб чиқишади. Бундай машаққатли меҳнат кейинчалик умуртқа поғонаси ва елкалар деформациясига олиб келадиумрни сезиларли даражада қисқартиради ва ишчиларнинг кўпчилиги ҳатто 50 ёшгача ҳам яшамайди.

Ҳиндистондаги туз қазиб олувчилар

Ҳиндистонда миллион йиллар олдин улкан океан туби бўлган “Little Rann of Kutch” номли шўрхок ер бор. Баҳор фасли бошланиши билан маҳаллий деҳқонлар оилалари билан бу чўл ҳудудига кўчиб ўтиб, у ерда вақтинчалик бошпана қуради.

Тузли ботқоқлардаги иш шароити ниҳоятда оғир. 50 даража иссиқлик таъсирида ишчилар териси куяди ва туз билан узоқ вақт бўлган алоқа натижасида тери емирилади. Оппоқ юзада акс этган қуёш нурлари ҳатто баъзи ишчиларни кўр қилиб қўйиши мумкин. Бутун мавсум давомида ишчилар бор-йўғи 2000 АҚШ доллари атрофида маош олади, бу улар ишининг қийинлиги ва кам ҳақ тўланадиган хусусиятини билдиради.

Жар қалдирғоч уялари йиғувчилари

Дунёнинг баъзи минтақаларида қимматбаҳо шўрва тайёрлаш учун ишлатиладиган узунқанот қушларнинг тупуригидан қурилган уялар йиғишнинг ўзига хос амалиёти мавжуд. Ушбу уялар йиғувчиси ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ғорларнинг тик қоялари бўйлаб юзлаб метр баландликларга чиқади.

Кўтарилиш учун улар ҳар доим ишончли деб ҳисоблаб бўлмайдиган бамбук нарвонлари ва кабелли арқонлардан фойдаланади. Бундан ташқари, ишчилар сирпанчиқ ғорларда юриб, микроб билан тўлдирилган чангдан нафас олишади, бу эса соғлиқ учун қўшимча хавф туғдиради.

Гарчи халқаро бозорларда бу уяларнинг бир килограмми 3000 долларгача сотилиши мумкин бўлса-да, йиғилган ҳар бир уя учун ишчиларга атиги 2-3 доллар берилади.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.