Дунёнинг энг ҳашаматли қамоқхоналари

Биз қамоқхоналар ҳақида фикр юритганимизда тўлақонли яшаш учун етарли шароитдан йироқ, қўрқинчли маскан кўз олдимизга келади. Қамоқхоналар биринчи навбатда, жиноятчиларни қайта тарбиялаш мақсадида озодликдан маҳрум қилинганларни сақлаш маскани ҳисобланади.

Бироқ дунёнинг кўплаб қамоқхоналари инсонни қайта тарбиялаш ўрнига, уни янада ваҳшийлаштириб юбораётган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Баъзида ноҳақ қамалган инсонлар у ердан ашаддий жиноятчи бўлиб чиқаётир.

Яқинда сайтимида дунёнинг энг ёмон қамоқхоналари тўғрисида маълумот бергандик. Бу гал жаҳоннинг энг шинам, қулай ва инсонпарвар қамоқхоналари ҳақидаги маълумотни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Мазкур қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаётган маҳбуслар айрим озодликда юрган инсонлардан кўра, яхшироқ шароитда ҳаёт кечиради. Уларнинг хоналарида шахсий ювиниш хонаси, ошхонаси, ҳатто уй кинотеатри ҳам бор.

“Пандок-Бамбу” қамоқхонаси (Индонезия)

Индонезиянинг бу қамоқхонасида асосан гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган маҳбус аёллар сақланади.

Тюрьма Пандок-Бамбу

Уларнинг хоналарида барча қулайликлар мавжуд бўлиб, телевизор, юмшоқ мебел, гилам ва барча маиший буюмлар маҳбуслар хизматида. Бу ерда ҳатто гўзаллик салонлари, караоке барлари фаолият юритади. Уй бекалари учун турли тўгараклар жорий этилган. Қамоқхона гиёҳванд аёлларни тўғри ҳаётга қайтаришга ихтисослаштирилган.

“Аранхуэс” қамоқхонаси (Испания)

Тюрьма Аранхуэс

“Арахуэс”нинг бошқа қамоқхоналардан ажралиб турадиган жиҳати шундаки, у ерда “оилавий хоналар” жорий этилган. Мазкур жазони ўташ масканида маҳбуслар ўз оиласи билан яшаши мумкин. Оила аъзоларининг келиш ва истиқомат қилиш вақти чегараланмаган. Агар эр ҳам, унинг рафиқаси ҳам жазога маҳкум этилган бўлса, жазони шу ерда биргаликда ўташади. Бироқ жуфтликнинг ёш фарзанди бўлса, у ота-онаси билан фақат 2-3 ёшгача қолади. Оилавий хоналарда бола учун барча қулайликлар мавжуд.

Муассасанинг асосий мақсади оила институтини ривожлантириш, ота-оналар томонидан фарзандларига тарбия ва меҳр берилишини таъминлашдан иборат.

“Адолат маркази Леобон” қамоқхонаси (Австрия)

Ушбу жазони ижро этиш муассасаси дунёнинг энг жозибали қамоқхоналаридан бири ҳисобланади. Қамоқхона архитектор Жозеф Хоенсинг томонидан барпо этилган. У Австриянинг Леобон шаҳри тепалигида жойлашган. Муассаса 205 нафар маҳбусни сиғдира олади.

Цент правосудия Леобен

Қамоқхона хоналарида шинам мебеллар, алоҳида ошхона ва ювиниш хонаси мавжуд. Маҳбуслар ўзларини чекловда эканликларини ҳис қилмасликлари учун уларга ўзлари истаган кийимларни кийишга рухсат берилади.

Мазкур муассаса “Беш юдузли қамоқхона”, деб ҳам аталади. Қамоқхона ҳудудида теннис майдони, ёпиқ сув ҳавзаси, фитнес заллар ва кутубхоналар ҳам бор. Булардан ташқари, бу ерда машҳур қўшиқчилар томонидан тез-тез концертлар уюштириб турилади.

“Аддивел” қамоқхонаси (Шотландия)

Тюрьма Аддивелл

“Аддивел” қамоқхонаси Шотландиянинг энг шинам қамоқхонаси ҳисобланади. Муассасанинг асосий эътибори маҳбусларга махсус дастур асосида таълим беришга қаратилган. Унга кўра, жиноятчилар ўз хатоларини тушуниб, келажакда тўғри қарорлар қабул қилишлари зарур.

“Соллентуна” қамоқхонаси (Швеция)

“Солентуна” маҳбуслари ҳашаматли шароитда истиқомат қилади. Муассасанинг хоналари энг шинам мебеллар билан жиҳозланган. Уларда алоҳида ювиниш хоналари ва ошхоналар мавжуд. Маҳбуслар ошхоналарида ўзлари истаган таомни тайёрлаш имкониятига эга. Бу ерда энг замонавий фитнес заллар маҳбуслар ихтиёрига топширилган.

Тюрьма Соллентуна

Швециянинг кўплаб жазони ижро этиш муассасалари жиноятчилар етишмаганлиги туфайли ёпилган. Чунки Швецияда жиноятчилик даражаси дунёдаги энг кам кўрсаткичда.

“Шамп-Доллон” қамоқхонаси (Швейцария)

Дастлаб бу қамоқхона қулай шароитлари билан машҳур бўлмаган. Маҳбусларга нисбатан қониқарли шароитлар жорий этилмаганлиги учун муассаса кўплаб танқидларга учради. Шундан сўнг Швейцария ҳукумати вазиятни ўзгартиришга қарор қилди. Бинони Европа стандартлари даражасида таъмирлаш учун ҳукумат 40 миллион АҚШ доллари ажратди.

Тюрьма Шамп-Доллон

Ҳозирги кунда маҳбуслар шахсий ювиниш хоналари, телевизор ва бошқа қулайликларга билан таъминланган. Айни вақтда бу ерда яшаш шароити уч юлдузли меҳмонхона билан тенглаштирилган.

“Хельден” қамоқхонаси (Норвегия)

Норвегиянинг Хальден шаҳрида жойлашган ушбу қамоқхона дунёдаги энг инсонпарвар қамоқхона деб тан олинган. Кўплаб жазони ижро этиш масканлари электр симлар билан ўралган ва у ерларда кўзатув постлари ҳамда кўплаб қўриқчилар мавжуд. Бироқ “Хельден”да ҳаммаси бошқача. Мазкур муассасада қамоқхоналар учун одатий бўлган кўп сонли қўриқчилар йўқ. Бори ҳам қуролланмаган. Сабаби маъмуриятнинг фикрига кўра, қўриқчиларнинг қурол олиб юриши маҳбусларни “ортиқча хавотирга солиши” мумкин. Маҳбуслар ва қўриқчилар ўртасида дўстона алоқалар рағбатлантирилади.

Тюрьма Хальден

Қамоқхона қурилишига 250 миллион АҚШ долларидан кўпроқ маблағ сарфланган. Ёруғ ва кенг хоналарда музлаткичлар, телевизорлар ва бошқа маиший хизмат техникалари мавжуд. Хоналар шинам мебеллар билан жиҳозланган, ойналарга панжаралар ўрнатилмаган. Муассасанинг асосий мақсади жиноятчиларни тўғри йўлга бошлаш, жазони ўтаб бўлганларидан сўнг уларни тўлақонли ҳаётга қайтаришдир. У ерда озодликдан маҳрум қилинмайди, балки маҳбусларнинг дунёга беғараз кўз билан қарашига ёрдам берилади.

“Бастой” қамоқхонаси (Норвегия)

Бу муассаса дунёнинг энг экологик қамоқхонаси. Чунки ушбу қамоқхона Норвегиянинг гўзал манзарали Бастой оролида жойлашган. Муассасанинг ҳимоя деворлари электр симлар билан ўралмаган. Маҳбуслар кўл бўйидаги шахсий коттежларда яшайди. Улар вақтини отда сайр қилиш, қуёш нуридан баҳра олиш, балиқ тутиш, кўлда чўмилиш ва теннис ўйнаш каби машғулотлар билан ўтказади. Хоҳишларига кўра, улар турли таомларга буюртма бериши ва шахсий сауналарда дам олишлари мумкин.

Тюрьма Бастой

Бундан ташқари, улар ўзлари хоҳлаган касбни танлаш имкониятига эга. Иш вақти 8:30 дан 15:30 гача давом этади. Улар тақдим этилган касблардан ўзларига маъқулини танлаб олади (боғбонликдан тортиб, дўкон сотувчиси касбигача бўлган иш турлари маҳбусларга тақдим этилади).

Маҳбусларга маош тўланади. Шунингдек, қамоқхона маъмурияти ҳам маҳбусларни уч маҳал витаминларга бой таом билан таъминлайди. Бу муассаса “эко-қамоқхона” деб ҳам аталади.

Хуллас, “Бастой” қамоқхонасидан ҳеч ким қочишга ҳаракат қилмаган.

Бекзод МУСУРМОНОВ таржимаси.