ДХХ Чегара қўшинлари Фарғона вилоятидаги ҳодиса юзасидан изоҳ берди
2019 йил 12 ноябрь куни интернет ижтимоий тармоқларида Фарғона тумани Ҳосилот аҳоли пунктида ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан чегара олди аҳоли фуқароларига жисмоний куч ишлатилиши тўғрисидаги видеоролик кенг тарқалган эди.
Чегара қўшинлари вакилининг маълум қилишича, шу йилнинг 10 ноябрь куни соат тахминан 17:00 ларда (видеороликда акс эттирилган) Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисида”ги Қонунининг 39-моддасига асосан Фарғона тумани Ҳосилот чегара олди аҳоли пунктида жойлашган кўприк олдида (чегара олди ҳудудида автотранспорт воситаларини кўздан кечириш) чегара наряди белгиланган вазифани ўтаётган бўлган.
Ушбу вақтда мазкур ҳудудда давлат рақами 40 G 014 KA бўлган “Нексия-2” автомашинасида фуқаролар Саиджонов Умиджон Холдорали ўғли ва Фозилов Абдурасул Маъруфжон ўғли чегара нарядларининг тўхташ тўғрисидаги талабларига бўйсинмай ҳарбий хизматчиларни уриб юборишга уринган ҳолда катта тезликда кўздан ғойиб бўлади.
Орадан бир оз вақт ўтгандан сўнг ушбу фуқаролар ортга қайтишда чегара нарядлари олдида тўхтаб, уларни ҳақоратлаб, ўртада зиддият келтириб чиқаришга уринишади ва тўпланган маҳаллий аҳолини чегарачиларнинг қонуний талабларига бўйсунмасликка чақиришади. Ушбу фуқаролар бу хатти-ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 196-1 моддаси 2-қисмида назарда тутилган (Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг қонуний талабларини бажармаслик ва уларнинг қонуний фаолиятига қаршилик қилиш) қонунбузарликни содир этишади.
Шундан сўнг видеотасвирда маълум бўлганидек, чегара нарядларининг талабларига бўйсинишдан бош тортганлиги учун (ноқонуний ҳаракатларни, шунингдек, чегара бузувчиларини тўхтатиш учун қурол ва махсус воситаларни қўллашни тартибга солувчи) «Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисида»ги Қонуннинг 43-моддаси ва «Ўзбекистон Республикаси ДХХ тўғрисида»ги Қонуннинг 44-моддаси талабларига мувофиқ фуқаро Саиджонов Умиджон Холдарали ўғли ва Фозилов Абдурасул Маьруфжон ўғлига нисбатан жисмоний куч ишлатиш орқали ушланади.
Қўлга олиш натижасида маълум бўлишича, ушбу фуқароларнинг ёнида шахсини тасдиқловчи ва автоулов воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи бирор-бир ҳужжати йўқлиги аниқланади.
Кейин қўлга олинган фуқароларга нисбатан маъмурий чора кўриш учун белгиланган тартибда ички ишлар идораларига топширилади.
Шуни таъкидлаш лозимки, фуқаро У.Саиджонов аввал ҳам чегарачилар томонидан бир неча бор Давлат чегараси режимини бузганлиги, турли товар-моддий буюмларини давлат чегарасидан ноқонуний олиб ўтганлиги учун қўлга олиниб, маъмурий жавобгарликка тортилган.
Жумладан, 2016 йил 31 октябрь куни умумий қиймати 7 миллион 937 минг 500 сўмга тенг бўлган, Ўзбекистон Республикасида фойдаланиши тақиқланган 150 Вт қувватли чўғланма лампаларни, 2018 йил 7 январда давлат рақами 40 Х 690 LA бўлган “Тико” русумли автоуловда умумий қиймати 18 миллион сўмга тенг бўлган парфюмерия маҳсулотларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қонунга хилоф равишда олиб ўтётган вақтда ушланган бўлса, 2019 йил 10 ноябрь куни фуқаро А.Фозилжонов билан бирга ушбу ҳудудда Давлат чегараси режимини бузганлиги учун ҳам қўлга олинган.
Барча ҳолатларда баённомалар тузилиб, белгиланган тартибда Фарғона тумани ички ишлар бўлимига топширилган ва ушбу фуқароларга нисбатан маъмурий жавобгарлик бўйича иш очилган.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, илгари ушбу ҳудудда маҳаллий контрабандачилар қўрқитиш ва жиноят содир бўлган жойдан яшириниш мақсадида чегарачиларга нисбатан бир неча бор босим ўтказишга уринган.
Шу каби босимлар оқибатида ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларидан бир гуруҳи, жумладан, 2010 йилда Н.Эгамов, 2012 йилда А.Юнусов ва 2013 йилда Ж.Ашировлар Давлат чегарасини қўриқлаш вақтида ҳалок бўлган.
Айни вақтда ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий прокуратура билан ҳамкорликда юқоридаги ҳолат бўйича хизмат текширувини ўтказмоқда. Вазиятга ойдинлик киритилгач, қонун доирасида тегишли чоралар кўрилади.