ДХХ: “Ислом давлати” террористик ташкилоти аъзоси Ўзбекистонга олиб келинди
1969 йил Хива шаҳрида туғилган фуқаро Д.У. ўғли 1994 йилда туғилган Д.Х. билан бирга 2009-2015 йилларда Россия Федерациясида меҳнат мигранти сифатида ишлаши даврида ижтимоий тармоқлар орқали халқаро террористик ташкилотлар аъзоларининг таъсирига тушиб қолади.
Натижада, 2015 йилнинг сентябрь ойида ота-бола ўзларининг шахсини ошкор қилмаслик мақсадида Тожикистон Республикасининг сохта паспортини расмийлаштириб, Туркия орқали Сурия давлатига боради ва «Ислом давлати» халқаро террористик ташкилоти аъзолари сафига қўшилиб, жанговар ҳаракатларда иштирок этади.
Кейинроқ Д.У. Суриядан МДҲ давлатларидан бирига қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириш мақсадида қайтиб келади. ДХХ ходимларининг хорижий ҳамкорлар билан биргаликда олиб борган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Д.У. ушланиб, Ўзбекистонга олиб келинди.
Таъкидлаш лозимки, қўлга олиш вақтида Д.У. фаол қаршилик кўрсатган бўлса, кейинги жараёнларда у ўзининг “жиҳод” қилиш борасидаги қарашларидан воз кечмаганлигини билдирган.
Давлат хавфсизлик хизмати хабар (https://t.me/sarhad_uz/5550)ига кўра, ҳозирда Д.У.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Д.У.нинг ўғлига нисбатан қидирув эълон қилинган.