ДХХ: Тойлоқ туманида, шунингдек, Фарғона ва Андижон вилоятларида наркотик моддалар мусодара қилинди

Тойлоқ туманида яшовчи 1961 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган фуқаро 352 грамм “опий” моддасини 5 минг АҚШ долларига сотган вақтида ДХХнинг Сурхондарё ва Самарқанд вилоятлари бўйича бошқармалари ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган.

Аниқланишича, ушбу наркотик модда Тожикистон Республикасидан олиб келинган.

Шунингдек, Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида яшовчи фуқаро ўзининг жиноий шериги бўлган, Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида истиқомат қилувчи шахс билан, муқаддам тожикистонлик наркокурьерлар томонидан контрабанда йўли билан олиб келиниб, Наманган вилоятининг Поп тумани ҳудудига яшириб кетилган 1 кг. 841 гр. “гашиш” моддасини қабул қилиб олиб, йўловчи автомашинада Олтиариқ туманида ҳаракатланаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ушланган.

Мазкур фуқаролар муқаддам содир этган ўғирлик жиноятлари учун судланиб, жазо муддатини ўтаган бўлсалар-да, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқаришмаган. 

ДХХ ходимлари томониданяна бир тезкор тадбирда эса Марғилон шаҳрида яшовчи фуқаро Қирғиз Республикасидан олиб келинган 964 гр. “гашиш” моддасини 8 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланди.

Бу йўналишда ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам вилоят ИИБ билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Хусусан, Булоқбоши туманида яшовчи икки фуқаро Хўжаобод туманида 630 гр. “гашиш” моддасини 5800 АҚШ долларига сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган. Ушбу ҳолатда ажал оғуси Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали Хўжаобод тумани ҳудудига ўтказилган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.