Эгалик ҳуқуқи: бу гал муаммо тўлиқ бартараф этиладими?
Мамлакатимизда ҳуқуқий ҳужжатлари йўқ ёки узоқ йиллар давомида фойдаланиб келинаётган бўлса-да, расмийлаштириш масаласи фуқарога боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра охирига етмаган ер участкалари кўп. Шу вақтгача қонунчиликда ҳам ушбу ерларга бўлган ҳуқуқни эътироф этиш учун ҳуқуқий асос ёки ваколатли орган белгиланмаган эди. Бугун кўпчиликнинг тилида бўлган янги қонун билан нималар ўзгаради? Муаммо узил-кесил ҳал бўладими? Кадастр агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи Фозилбек Худайқулов билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
— “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонунни янги “акция” деб қабул қилишимиз мумкинми? Нега бунгача ўтказилган акцияларда муаммо тўлиқ бартараф этилмай қолди?
— Ҳозиргача ҳуқуқларни эътироф этиш масаласида беш марта “акция” эълон қилинган. Шундан иккитаси республика бўйича. Жумладан, 2016 йил 3 августдаги 251-сонли ҳукумат қарори асосида 695738 та, 2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421-сонли Президент фармон асосида 621580 та объектга эгалик ҳуқуқи берилган. Бироқ ҳуқуқий ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ бўлмаган объектлар кўплиги сабабли акциялар муддати тегишли муаммони тўлиқ бартараф этиш имконини бермаган.
Хусусан, 2016 йилда бўлиб ўтган “Ялпи хатлов”да тузилган комиссияларнинг ишчи гуруҳ томонидан тўлиқ суръатда иш олиб борилмаганлиги оқибатида кадастр идораларида иш кўлами ошиб кетди ҳамда барча маҳаллалардаги уй-жойлар бўйича туман (шаҳар) ҳокимларининг қарорлари чиқмай қолди. Кейинги “Акция” даврида фуқароларнинг ўзлари Давлат хизматлари марказлари орқали ариза билан мурожаат қилиши керак бўлган ва бу масала бўйича аҳолига етарлича ахборот етиб бормаганлиги боис кўплаб объектлар эгаликсиз қолиб кетган. Бундан ташқари, акциялар ҳақида билган фуқаролар ҳам “Шу уйда 30-40 йилдан буён яшаб келаяпмиз, солиғини тўлаётган бўлсак, эгалик ҳуқуқи нимага керак”, деган тушунчада бўлган.
Умумий қилиб айтадиган бўлсак, ҳозирги кунда вилоятимизда давлат рўйхатидан ўтказилмаган объектлар сони 472880 тани ташкил этмоқда. Шундан ҳуқуқий ҳужжатлари мавжуд, бироқ давлат рўйхатидан ўтмаган объектлар 35348 та, ҳуқуқий ҳужжати мавжуд бўлмаган объектлар 437532 та.
— Янги акция бўлиши ҳақида хабарлардан кейин ерларни ноқонуний эгаллаб олиш ҳолатлари кўпайгани сир эмас. Айтингчи, уларнинг тақдири нима бўлади? Умуман, кимларнинг кўчмас мулкларга нисабатан ҳуқуқи эътироф этилади?
— Қонунга асосан, биринчидан, 2018 йил 1 май кунига (2018 йилдаги “бир марталик акция”га) қадар фуқаролар якка тартибдаги уй-жой қурган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга кўчмас мулкларга нисабатан ҳуқуқлар эътироф этилиши белгиланмоқда. Шунингдек, 2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотлар, “бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотлар, 2021 йил 8 июнга (ҳокимларнинг ваколати бекор қилингунига) қадар туман (шаҳар) ҳокимлари қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари ҳудудий Кенгашлари томонидан тасдиқланмаган ер участкалари ҳам акцияга киради. Боғдорчилик ва узумчилик ширкатларининг бўш ҳудудидаги тураржойлар ҳамда улар эгаллаган ер участкаси, кичик саноат зоналари ҳудудига 2020 йил 9 мартга қадар жойлаштирилган тадбиркорларнинг ер участкаси, давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкаси, ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бино ва уйлар эгаллаган ер участкаси шулар жумласидан.
Бунда, ижара муддати якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ер участкалари учун тўқсон тўққиз йил, бошқа ер участкалари учун қирқ тўққиз йил этиб белгиланмоқда.
Ушбу жараёнда кўриб чиқиладиган кўчмас мулкларга қуйиладиган талаблар бор, албатта. Жумладан, у бошқа шахсга ажратилмаган ёки аукционга чиқарилмаган ерда бўлиши, ундан фойдаланишда низо, ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги, муҳофаза зонасида, суғориладиган ерда жойлашмаганлиги, бош режа талабларига зид эмаслиги асосий талаблар ҳисобланади.
— Ўтган вақтда қанча ер ноқонуний эгаллаб олинди? Улар қайтариладими?
— Бошқарма ва унинг туман (шаҳар) бўлимлари ер инспекторлари томонидан жорий йилнинг ўтган етти ойида 1350 та ҳолатда 209,5 гектар ер майдонида жойлашган қурилиш ости майдони 24,9 гектар бўлган ноқонуний бино-иншоотлар аниқланган.
Шундан, 83 та ҳолатда 7,7 гектарда жойлашган қурилиш ости майдони 0,91 гектар бўлган қурилмалар бартараф этилган. 1172 та ҳолатда 445,3 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланган бўлиб, шундан 691 та ҳолатда 211,54 гектар ер майдони давлат захирасига қайтарилиши таъминланган.
Шунингдек, 76 та ҳолатда мақсадсиз фойдаланиб келинаётган 274,1 гектар ер майдони аниқланган ва шундан 52 та ҳолатда 184,6 гектар ер майдонидаги ҳолатлар бартараф этилиб, давлат захирасига қайтарилиши таъминланган.
Ҳисобот даврида 2522 та ҳолатда 654,84 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан элаллаб олингани аниқланган ва ушбу ҳолатларни содир этган шахсларнинг барчасига огоҳлантириш ва ёзма кўрсатмалар берилган. Натижада 774 та ҳолатда 219,29 гектар ер майдонидаги қонунбузилиши уни содир этган шахслар томонидан ихтиёрий бартараф қилинган. Судларга 1267 та ҳолатда 268,19 гектар ер майдонлари бўйича даъво аризалари киритилиб, ҳозиргача 684 та ҳолат бўйича даъво қаноатлантирилган. Яна 583 та ҳолат суд жараёнида кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, 1422 та ҳолат бўйича маъмурий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилган бўлиб, 219 та иш қўшма тартиб асосида прокуратура идораларига юборилган.
— Жойларда аҳоли томонидан узоқ йиллар олдин эгаллаб олинган ер майдонлари ҳам бор. Уларнинг тақдири нима бўлади?
— Қонунга кўра, у якка тартибдаги уй-жойлар билан эгаллаган бўлса, ижара ҳуқуқи асосида берилади. Агар у 1998 йил 1 июлгача эгалланган бўлса, 24 сотихгача, 1998 йил 1 июлидан 2018 йил 1 май кунига қадар эгалланган бўлса, Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 6 сотих, қолган ҳудудларда 12 сотихдан ошмаган ҳажмда берилади.
Ушбу ҳажмдан ортиқча ерлар, агар низо бўлмаса, деҳқон хўжалиги ёки томорқа хўжалиги юритиш учун расмийлаштириб берилади.
— Кўчмас мулкларга нисабатан ҳуқуқни эътироф этиш учун кимга ёки қаерга мурожаат қилишимиз керак? Бунинг учун тўлов ҳам борми?
— Янги Қонунга кўра, фуқаролар ариза билан ҳеч қайси ташкилотга бормайди, энди ушбу жараён ҳудудлар бўйича босқичма-босқич амалга оширилади. Бунинг учун Кадастр агентлиги ҳар йили режа-жадвал тасдиқлайди. Унга асосан, Кадастр агентлиги автоматлаштирилган ахборот тизимини яратади, ҳудудий кадастр филиали ходимлари унга барча ерлар бўйича 6 хил турдаги бирламчи маълумотларни киритади. 10 та ваколатли орган ҳар бир ер участкаси бўйича ўз ваколатидаги маълумотларни тизимга киритади ва тизимда шакллантирилган электрон йиғмажилд маҳалла биноларида, Кадастр агентлиги сайтида ҳамда бошқа манбаларда эълон қилинади.
Тўпланган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва қонунийлиги адлия органлари томонидан ўрганиб чиқилади. Ижобий хулоса қабул қилинган фуқароларга Кадастр агентлиги томонидан хабарнома юборилади.
Хабарнома асосида бир марталик тўлов амалга оширилгандан кейин ҳар чоракда халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори билан ҳуқуқлар эътироф этилади.
Ҳуқуқларни эътироф этганлик учун қуйидаги миқдорларда бир марталик тўлов ундирилиши қайд этилган:
- Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 5 баравари (1,7 миллион сўм);
- Нукус шаҳри ва вилоят марказларида БҲМнинг 3 баравари (1,02 миллион сўм);
- вилоятлар бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда БҲМнинг 2 баравари (680 минг сўм);
- бошқа аҳоли пунктларида БҲМнинг 1 баравари (340 минг сўм);
- қолган ҳолларда эса (ҳужжатда кўрсатилганидан ортиқча эгалланган ерлар, тижорат мақсадлари учун ажратилган ерларда), бир марталик тўлов тегишли ҳудуддаги ўртача аукцион баҳоси миқдорида тўланади (ўртача аукцион баҳоси туманлар ва маҳаллалар кесимида Давактив агентлиги томонидан ҳар олти ойда эълон қилинади).
Бунда, I ва II гуруҳ ногиронлари, олдинги “акция” вақтида йиғим тўлаган шахслар тўловдан озод қилинади, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган шахсларга 50 фоиз чегирма берилади.
Асқар БАРОТОВ суҳбатлашди.