Эҳтиёт бўлинг - "Болалар!"

Янги ўқув йили бошланди. Мактаб ва бошқа таълим муассасалари яна ўқувчи-ёшлар билан гавжум. Бу йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳам кўпайганлигини, хусусан, ўқув муассасалари олдида хавфсизликни таъминлашга талаб ошганлигини англатади. Хўш, уларнинг хавфсизлиги қандай таъминланади?

Вилоят ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл назорати бўлими берган маълумотга кўра, янги ўқув йили олдидан вилоятдаги барча шаҳар ва туманларда жойлашган ўқув муассасалари атрофидаги автомобиль йўллари назоратдан ўтказилган. Жараёнда эскирган ётиқ йўл чизиқлари янгиланиб, йўл белгилари таъмирланган, яроқсиз ҳолга келганлари янгиланган. Шунингдек, 4 та мактаб олдида янги светофор, 302 та ҳудудда янги йўл белгилари ўрнатилиб, 372 та пиёдалар ўтиш йўлаклари ташкил қилинган.

— Хизмат ҳудудимизда 184 та умумтаълим мактаби жойлашган, - дейди вилоят ички ишлар бошқармасининг махсус эксплуатация-монтаж бўлими бошлиғи Аҳмад Жўраев. – Ўқув йили бошланиши арафасида уларга яқин кўчаларда 178 та йўл чизиқлари чизилиб, 164 та йўл белгилари ўрнатилди. “Болалар”, “Юқори тезлик чекланган, 30 км/соат”, “Сунъий йўл нотекислиги” каби огоҳлантирувчи белгилар шулар жумласидан. Шунингдек, мактаблар олдида транспорт воситалари тирбандлигининг олдини олиш, ўқувчиларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида жойларда “Тўхташ тақиқланади” белгилари ўрнатиш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Трасса ва серқатнов кўчаларнинг таълим муассасалари олдидан ўтган тартибга солинмаган қисмларида белгиланган вақтларда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари хизмат олиб бормоқда. Лекин бу ҳайдовчилар бошқа ҳудудларда эътиборсиз бўлиши керак дегани эмас. Ҳайдовчи белгиланган тезлик меъёрига амал қилса, йўл белгилари ва чизиқлари талабларини бажарса, ўз навбатида ота-оналар фарзандларига йўл ҳаракати қоидаларини тушунтириб борса, турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олган бўламиз.