ЕИ Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги можаро қурбонлари учун 270 минг евро ажратади
Европа Иттифоқи Қирғизистон ва Тожикистонда сентябрь ойи ўрталарида содир бўлган чегара қуролли можаросига муносабат сифатида 270 минг евродан ортиқ гуманитар ёрдам ажратади, дея маълум қилди Европа Иттифоқининг Тожикистондаги делегацияси.
“Ушбу ёрдам Қирғизистон Республикасининг Боткен вилояти, шунингдек, Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти, Рашт водийси ва Лахш вилоятининг энг кўп жабрланган ҳудудларидаги 12 мингга яқин аҳолини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади”, дейилади хабарда.
Европа Иттифоқининг молиявий ёрдами Қирғизистон ва Тожикистон Қизил Ярим Ой жамиятлари орқали ҳар икки мамлакатдаги жабрланган оилаларга, айниқса, уй-жойидан айрилганларга ёрдам сифатида пул грантларини тарқатишда йўналтирилади.
Ёрдам, шунингдек, саломатлик ва гигиенани тарғиб қилиш, гигиена воситалари билан таъминлаш, психологик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали кўрсатилади.
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги баҳсли чегарада сув, йўл ва яйловларга йўл йўқлиги билан боғлиқ можаро 14 сентябрь куни қуролли тўқнашувга айланиб кетганидан сўнг, 100 га яқин одам ҳалок бўлгани, 150 мингдан ортиқ аҳоли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлгани хабар қилинган эди. Қирғиз ва Тожикистон кучлари ўртасида икки кун давом этган тўқнашувлар оқибатида юзлаб уйлар, жамоат объектлари ва инфратузилмаларга зарар етган, кўпчилик уй-жой, мулк, озиқ-овқат ва тирикчилик воситаларидан маҳрум бўлган.