Экология: Инсоният ўзини ўзи ҳалокатга маҳкум этмоқда
ЖИДДИЙ ТАШВИША ТУШИШДИ
Европа иттифоқи заҳарли чиқинди етказаётган зарардан жиддий ташвишга тушмоқда ва муқобили бор бир марта ишлатиладиган пластик буюмлардан фойдаланишни ман этувчи қарор қабул қилди.
Европа олимларининг ҳисоблаб чиқишларича, агар аҳвол шу тариқа давом этадиган бўлса, 2025 йилга бориб, жаҳон океанида ҳар 3 килограмм балиққа 1килограмм чиқинди тўғри келаркан. Дунё бўйича океанларда, кўл ва дарё қирғоқлари, ўрмонлар, истироҳат боғлари, йўл, кўча бўйлари, дала уватларида пайдо бўладиган пластик чиқинди манзарасини энди кўз ўнгингизга келтираверинг.
Атроф-муҳитда пластик чиқиндиси миқдори йил сайин ошиб бормоқда. Хатарли томони шундаки, у қоғоз, ҳатто металл сингари табиат айланма циклини ҳосил қилмайди. Айрим пластик турлари 300 йил, пластик челак ёки баклашка 500 йилгача ҳовли-жой атрофи, ўрмон, ариқ, жарлар ва бошқа ерларда чиримасдан ётади. Бу эса табиатга салбий таъсир этади. Тупроққа тушган бу турдаги чиқинди сув ҳавзалари, экинзорлар, грунт сувларини заҳарловчи кимёвий моддалар ажратади. Айниқса, яқин атрофдаги сув манбалари яроқсиз бўлиб қолади.
Ҳозирда кўпчилик пластик материаллар деганда баклашка ва полиэтилен плёнкаларнигина тушунади ва уларни ҳар ҳолда йиғиб олса бўлади-ку деб ўзларига таскин беришади. Афсуски, бундай эмас. Пластик маҳсулот кўпқиррали бўлиб, ишлатиш кўлами анча кенг. Таркиби ҳам ҳар хил ва мураккаб. Хатарлилиги ҳам шунда.
Айтайлик, бутилка, озиқ-овқат идишлари ишлаб чиқариладиган РЕТ ёки ПЭТ, яъни полиэтилентерефталат дегани бор. Яна ўйинчоқлар, қурилиш материаллари, автомобиль эҳтиёт қисмлари, идиш-товоқ, компакт диск, кўзойнак, электр жиҳозлари, канализация, қувурлар ва бошқа турдаги товарлар ишлаб чиқариладиган турлари кўп. Уларнинг ҳар бири фойдаланиладиган соҳасига қараб, ўта мураккаб кимёвий элементлардан ташкил топган.
Пластикли ифлосланиш тупроқ, сув орқали ҳайвонларни, деҳқончилик маҳсулотлари орқали одамларни заҳарлайди ва бу узоқ вақт давомида сездирмасдан организмга сингиб боради.
Бир марталик идиш ва озиқ-овқат сақланадиган полиэтилен халтачалар, пластик қутилардан фойдаланиш ҳам хавфсиз эмас. Албатта, улар дарҳол инсонни азоблаб ўлдирмайди. Аста-секин портловчи бомба сингари организмда тўпланиб боради. Уларни ҳатто жигар ва буйракни даволовчи энг замонавий асбоблар, усуллар билан ҳам тозалаб бўлмайди. Шифокорлар пластик буюмлар зарарлайдиган бошқа органлар – кўз, юрак, мия ҳужайралари, диабет, ўпка касалликларини ҳам келтиришади.
Катта миқдордаги пластик маҳсулотлар Дунё океанига тушяпти. Ҳозирда океанларда бешта улкан "Чиқинди доғи" пайдо бўлган. Уларнинг катталиги айрим давлатлар ҳудудига тенг. Жумладан, Тинч, Атлантика океанларида иккитадан, Ҳинд океанида битта. Уларда номи пластика деган нарса борки, ҳаммаси мавжуд: баклашка, унинг қопқоғидан тортиб полиэтилен плёнкалар, идиш-товоқлар, мебеллар, қутилар, чўткалар, ручкалар, атир-упа, крем, бўёқ, тиш пастаси қутилари ва ҳоказолар. Улар ҳар йили 400 минг денгиз майда озиқланувчиларининг ёстиғини қуритмоқда.
Кўпчилик одамлар пластик чиқиндиларни ёқиб юбориш билан муаммонинг олдини олмоқчи бўлишади. Бу усул ҳам энг хатарли экан. Ҳавога заҳарли диоксин моддаси ажратиб чиқарар экан. У эса биосферада айланиб, инсон организмида иммунитетнинг заифлашуви, саратон касалликларини келтириб чиқарар экан.
Т.ШОМУРОДОВ тайёрлади.
Таҳририятдан: ушбу мақолани ўқиганлар, "Хатар узоқда экан-ку", деб бепарволикка йўл қўймасликлари керак. Пластик чиқиндиларга тўла маҳалла, қишлоқ, ташкилот ва бошқа объектлар кўп. Уларни тозалашни пайсалга солмаслик, бу ҳар кунги ишга айланиши, унда ҳамма иштирок этишни турмуш маданиятининг бир кўринишига айлантирмоғи лозим.