Экологияга беписандликда Самарқанд етакчилардан бири
Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати тарқатган хабарда қайд этилган.
Хабарга кўра, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жорий йилнинг 1-ярмида 158 нафар судланувчига оид кўрилган жиноят ишларининг деярли ярми, хусусан 26 фоизи Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда 23 фоизи Самарқанд вилояти судлари ҳисобига тўғри келган.
Ўрганиш натижаларига кўра, таҳлил даврида асосан ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш (ўтган йилда 116 нафар, жорий йилнинг биринчи ярмида 77 нафар шахс судланган) ҳамда экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш (2024 йилда 73 нафар, 2025 йилнинг биринчи ярмида 21 нафар шахс судланган) каби жиноий қилмишлар содир этилган.
Мазкур статистик кўрсаткичлар юқоридаги ҳудудлар, айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси ва Самарқанд вилоятида мазкур тоифадаги жиноятларни олдини олиш юзасидан қатъий чора-тадбирлар кўриш лозимлигини кўрсатмоқда.
Шунингдек, таҳлил даврида судлар томонидан экология соҳаси билан боғлиқ 2 737 нафар шахсга нисбатан 2 466 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўрилган бўлиб, 2 478 нафар шахсга нисбатан 2 235 та иш бўйича маъмурий жазо қўлланилган бўлса, 259 нафар шахсга нисбатан 231 та иш юритувидан тугатилган.
Мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг ярмидан кўпи Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилоятлари судлари ҳиссасига тўғри келган.
Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида 925 нафар шахсга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг 20 фоизи Самарқанд, 13 фоизи Тошкент, 12 фоизи Бухоро вилоятлари ҳамда 11 фоизи Қорақалпоғистон Республикаси судлари ҳисобига тўғри келган.