"Эл-юрт умиди"дан ёшларнинг умиди катта

Президент ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси мамлакатимизнинг малакали кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган муҳим институтлардан биридир.

Жамғарма ташкил этилган кундан бошлаб, унинг фаолияти бўйича қатор Президент фармонлари ва ҳукумат қарорлари қабул қилиниб, доимий такомиллаштириб келинмоқда.

Хорижий давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасаларида ўқишни истовчиларга “Эл-юрт умиди” стипендияси жорий этилиб, унинг ғолиблари очиқ танлов асосида, яъни тест синовлари ва суҳбат орқали аниқланади. Бундан ташқари, стипендиатларнинг мамлакатга қайтгандан сўнг меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб шарт-шароитлар яратиш асосий вазифалардан бири этиб белгиланди. Шунингдек вазирлик, идора ва иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари учун мақсадли стажировкалар тизими йўлга қўйилди.

Жамғарманинг асосий мақсади Ўзбекистон учун устувор соҳаларда юқори малакали, замонавий фикрлайдиган, ватанпарвар кадрларни етакчи хорижий таълим ва илмий муассасаларда тайёрлашдан иборат.

Айни дамда “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2025 йил учун 2-стипендия танловлари ўтказилиши режалаштирилган. Шу муносабат билан жамғарма раҳбарияти томонидан жойларда ёшлар билан учрашувлар ташкил этиб борилмоқда. Ана шундай учрашувлардан бири Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди. Очиқ мулоқот шаклида ўтган ушбу учрашувда жамғарма мутахассислари томонидан ёшларга жамғарма фаолияти, стипендия танловларини ўтказиш тартиби ҳақида атрофлича маълумот берилди.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги рақобатбардош, билимли ва профессионал кадрлар базасини яратишга хизмат қилмоқда.

Фарҳод Мустафоқулов,

СамДЧТИ  ўқитувчиси, “Эл-юрт умиди” жамғармасининг

2022 йилги стипендия танлови ғолиби.