Электр таъминоти: мурожаатлар тингани йўқ, авария гуруҳлари ҳам 

Таҳририятимизга бўлаётган кўнғироқларнинг аксарияти электр энергияси таъминотидаги узилишлар хусусида бўлмоқда. Шунингдек, улар навбатчи диспетчерларнинг телефонлари ишламаётганлиги сабабли бу борадаги муаммолар ўз вақтида ҳал бўлмаётганини таъкидлашмоқда. Шу сабаб бир нечта шаҳар ва туманларидаги электр тармоқлари корхоналарининг навбатчи диспетчерлигига қўнғироқ қилиб, шу ҳудуддаги вазиятни ўрганиб чиқдик.

Бироқ, Самарқанд тумани электр тармоқлари корхонасининг Дўстлик (66) 228-11-31) ҳамда Зарафшон (66) 240-05-65) бўлимларининг навбатчи телефонлари кун бўйи доимо банд бўлди. Иштихон тумани (95) 410-01-69) электрчиларининг навбатчи телефони эса бутунлай ишламайди.

Каттақўрғон шаҳар электр тармоқлари корхонаси навбатчилик қисми (95-410-08-75)га қўнғироқ қилдик.

- Кеча эрталабдан фуқаролардан 4 та мурожаат қабул қилдик, - дейди навбатчи А.Усмонов. – Шундан 3 таси бартараф этилди. Каттақўрғон шаҳридаги Оқ олтин, Яккабоғ ва Дўстлик маҳаллаларида қор электр симларини узиб юборган экан. Шунингдек, трансформаторларда юклама кўпайиб кетгани сабабли носозликлар пайдо бўлган. 3 та тезкор авария бригадалари шу ҳудудларда бўлди, муаммо бартараф этиш жараёнида.

Қўшработ:

-Туманимиз аҳолисидан ҳам ҳар куни 5-6 та мурожаатлар бўлиб турибди, -дейди туман электр тармоғи корхонасининг навбатчи диспетчери У.Эшназаров.- Қайсидир маҳаллада симёғоч симлари узилган бўлса, қайси бирида юқори кучланишли тармоқда узилиш бор. Аксарият трансформаторлар юкламани кўтара олмай қизиб кетяпти. Жумладан, Бешбола маҳалласидаги Оқтепа подстанциясига қарашли Зарбанд фидеридаги трансформаторнинг совутиб турувчи трансёғлари қайнаб кетганлиги сабабли зўриқиб ишлаб, ўчиб қолган. Ҳозирда Иштихон туманидан келган тезкор авария бригадаси билан ҳамкорликда мазкур муаммони бартараф этяпмиз.              

Кутилмаган совуқ ҳаммамизни ҳам ташвишга солиб қўйди. Бироқ қўл қовуштириб ўтириб бўлмайди. Авария гуруҳлари ишламоқда. Бир-икки кунда бу қаҳратон совуқлар ҳам ўтиб кетади. Ҳаммаси ўз жойига тушади. Аммо, нима бўлганда ҳам бугунги кунда аҳоли дардини ўзиники деб билиш ва ҳар қандай ҳолатда аварияларни бартараф этиб бориш шарт.

Д.ТЎХТАЕВ.