Электрга чеклов киритиш кўрсатилмаган хизмат учун пул ундириш эмасми?

Бир йилча олдин чиқиндидан қарздорлиги бор фуқароларнинг электр тўловига чеклов ўрнатиш бошланганди. Аслида бу амалиёт истеъмолчи ҳуқуқини поймол қилиш эканлиги кундай равшан бўлса-да, рақобат қўмитаси томонидан истеъмолчилар фойдасига бирор бир ҳаракат кузатилмади. Чиқинди ташиш корхоналари эса асоссиз равишда хонадонда яшайдиган одам сонига қараб сумма белгилаб, сунъий қарздорлик ясайверишди. Қоидага кўра чиқинди ташиш корхонаси маҳалладаги истеъмолчиларнинг 51 фоизи имзо чеккан тақдирда бу фаолиятни йўлга қўяди ва белгиланган нарх асосида ҳафтада неча маротаба чиқинди йиғишни ташкил этиши кўрсатилади. Уйда яшайдиган чақалоқ ҳам истеъмолчи сифатида ҳисобланиб, пул ундирилар экан, демак ҳар бир хонадондагиларнинг ярмидан ортиғи рози бўлиши керак. Яъни, ҳеч бўлмаганда ҳар бир истеъмолчи шартнома билан танишиши шарт. Чунки хизмат кўрсатувчи ва пул тўловчи ўз мажбуриятини тўла англаб етиши зарур. Лекин жойларда айниқса қиш пайтлари ойлаб чиқинди ташиш машинаси келмасада, қарздорлик ҳисобланган ҳолатлар бўлди. 

Маълумотларга кўра, ҳозирда Ўзбекистонда чиқиндидан қарздор 200 мингга яқин абонентнинг электрга тўлов қилиши чекланган. Февраль бошида республика бўйича чиқинди хизматидан қарздорлик 108 миллиард сўмдан ошган.

Шартнома нима учун зарур?

Шартнома хизмат кўрсатувчи ва ҳақ тўловчининг мажбуриятларини белгилайди ва тўловлар кафолатини таъминлайди. Бир хизмат сифатсиз ва ўз вақтида бажарилмаса бошқа хизмат тури орқали жазолаш демократик ҳуқуқий тамойилларга асло тўғри келмайди. Агарда икки тараф ҳам шартнома тузишда ўз мажбуриятларини тўғри англаса ва бажарилган хизмат учун тўловлар амалга оширилмаса судга бериб ундириш чораларини кўриш мумкинку. Лекин кўрсатилмаган хизмат ва вақтида олиб кетилмаган чиқинди учун электрга тўловни чеклаш ўрта асрлар тутумини эслатмоқда.

Бир неча кундан буён фуқарнолар ширкат, бошқарув-сервис компанияларига “квартплата”ни ҳар ойнинг 15-санасига қадар электр энергиясига чеклов киритиш ғояси илгари сурилмоқда. Бунда ҳам ўша “ширкат”лар яшовчилар билан шартнома тузмаган ва икки томон мажбуриятлари белгиланмаган, вазифалар тақсимланмаган ҳолда отнинг калласидек тўловлар белигиланиши қайси мантиққа тўғри келади? Мисол учун, ҳали янги маскан бўлган Қорасув массивида ҳам БСКлар ойлик тўловларни катта суммада белгилаши ҳақида мурожаатлар кўп келади. “Кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштириш, дарахт экиш, атрофини ўраш, суғориш, қишда йўлакларни тозалашни ҳам ўзимиз пул йиғиб бажарамиз, ширкат эса катта тўловни лифтга боғлаб қўйган. Шундоқ ҳам уй учун кредит тўлаётган яшовчилар учун бу оғирлик қилади. Уларни бу ҳаракатини кимдир назорат қиладими?” дейилади бир мурожаатда. Ростдан ҳам уй учун кредит тўлоавчиларга бунчалик катта ойлик тўлов белгилаш қанчалик тўғри, бунинг устига массивдаги уйлар яқинда қурилган ва катта харажат талаб қилинадиган аҳволда бўлмаса, яъна “кварплата”ни электр тўловларига боғлаш ғояси истеъмолчи манфаатига зид равишда бўлса ҳам пул ундиришга ўхшаб келмаяптими?

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.