Электрон чипталардан фойдаланишда қўшимча қулайлик яратилди
Йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш, поездларга чиқиш олдидан чипталарни текшириш жараёнига сарфланадиган вақтни қисқартириш мақсадида “O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi” АЖ томонидан электрон чипталарни замонавий технологиялар QR-код орқали текширувчи махсус мосламаларни синовдан ўтказиш жараёни бошланди.
Айни дамда янги мосламалар “Afrosiyob” поездларининг бирида синовдан ўтказилмоқда.
Транспорт вазирлигининг хабар беришича, электрон чиптани расмийлаштирган йўловчиларга энди уни А-4 форматида чоп этиш зарурати йўқ. Яъни, электрон чиптани смартфон ёки планшетларда тақдим этишнинг ўзи кифоя.
Назорат-ўтказиш пункти ходимлари ҳамда вагон кузатувчилари электрон чиптанинг ҳақиқийлигини махсус мослама билан текширади. Кейин эса йўловчи чипта бўйича ўз жойини эгаллаши мумкин бўлади.
Ҳозирда қурилмалар “Тошкент-Марказий” вокзалида синовдан ўтказилмоқда. Кейинчалик тизим барча вокзалларда жорий этилиши режалаштирилган. Синов ишлари март ойининг охиригача давом этади.