Электрон поликлиника ёки иқтисодиётнинг рақамлаштирилиши нима беради?

Рақамли иқтисодиёт нима, бизнинг ҳаётимизга у қанчалик кириб келмоқда ва биз уни қандай тушуняпмиз? Президентимиз бошчилигида бўлиб ўтган видеоселекторда шу масала юзасидан атрофлича фикр билдирилди.

Давлатимиз раҳбари “Рақамли иқтисодиётни ривожлантирмасдан келажакни яратиб бўлмайди”, деди. Фақат шу йўл билан тармоқ ва ҳудудларда бюрократия ҳамда коррупцияга барҳам берилади. Бу борада туман ва шаҳарларда катта ишлар амалга оширилиши керак. Йиғилишда жорий йилда 14 та, кейинги йилда яна 14 та туман ва шаҳарларда бу борада ишлар олиб борилиши, вилоятимизда дастлаб Нуробод ва Қўшработ туманларида ишлар бошланиши қайд этилди.

Келгусида жойларда электрон поликлиникалар иш бошлайди, қоғозбозлик ва маблағ харажатлари камаяди. Бемор уйида турган ҳолда поликлиникада врач кўригига боришини телефон орқали хабар қилиб, айтилган вақтда врач ҳузурида бўлади ва ортиқча вақт сарфлаш йўқолади. Ҳозирда 20-30 минут касаллик варақасини излаш ва ёзишга сарфланиб, беморларнинг диққинафас бўлиб кутишларига тўғри келмоқда. Келгуси йилдан бу амалиёт Андижон, Хоразм, Фарғона, Жиззах, Сирдарё ва бошқа вилоятларда амалга оширилади.

Йиғилишда IT технологияларни ҳаётимизга олиб кириш жуда муҳим эканлиги таъкидланиб, бу борада вилоятимизда тош-шағал карьерлари ва корхоналарига рақамли иқтисодиётни киритиш орқали қанча солиқ тушумлари кўпайгани рақамлар асосида тушунтириб берилди.

Шунингдек, мева-чеваларни қайта ишлаш корхоналари, халқ таълими, маданият ва бошқа соҳаларга ҳам бу иқтисодиёт жорий этиб борилади. Мактабларда рақамлаштириш натижасида ўқитувчининг давомати, беҳуда қоғоз тўлдиришларга кетадиган вақти тежалиб, бу вақт фойдали ишга сарфланади.

Рақамли иқтисодиётни амалиётга жорий этиш орқали нефт-газ, инвестиция, логистика, автомашина заводлари ва бошқа соҳаларда ҳам мамлакатимиз учун қанчалик фойдали ишлар юзага келиши муҳокама қилинди.

Азамат ТАВБОЕВ,

халқ депутатлари Пайариқ тумани Кенгаши депутати.