Энди Пахтачи туманида ҳам юракдаги стент амалиёти бажарилади

Пахтачи тумани тиббиёт бирлашмаси М-37 “Ашхобод-Тошкент” автомагистраль йўли яқинида жойлашган. Туман тиббиёт бирлашмаси бугунги кунда 152 мингга яқин аҳоли, шунингдек, Нарпай, Каттақўрғон туманлари ҳамда қўшни Навоий вилояти аҳолисига тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Бирлашма ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиали ўртасидаги масофа 141 километр, Каттақўрғон политравма маркази орасидаги масофа эса 56 километр. Шу боис марказни Пахтачи тумани тиббиёт бирлашмаси биносига жойлаштириш мақсадга мувофиқ, деб топилган.

Бирлашманинг 25 ўринли шошилинч тиббий ёрдам бўлими 4 қаватли бинонинг 1-қаватида жойлашган. Стационар ва портатив рентген аппаратлари учун махсус хоналар, бинонинг қабул бўлими кириш қисмида ангиограф аппарати учун жой мавжуд. МСКТ аппаратини ишлатиш учун мутахассис бор, “Ангиограф” аппаратини ишлатиш учун эса 2 нафар мутахассисни тайёрлаш режалаштирилган. Иккинчи қаватда 3 та операцион хона, 9 та реанимацион ўринлар ва 50 та политравма ўринлари тайёрланган.

***

Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грант лойиҳаси асосида тайёрланди.