Энг қисқа ва энг узун таътиллар
Дунё мамлакатлари меҳнат қонунчилиги турли ўзига хосликлари билан ажралиб туради. Масалан, дунёдаги энг узун меҳнат таътили Швеция, Дания, Финляндия, Австрия ва Канада давлатларида. Бу ерда ходимлар йилига камида 5 ҳафта дам олишади. Энг қисқа таътиллар эса Филиппин, Мексика ва Сингапур аҳолисига насиб этган. Бу мамлакатлардаги ишчилар йилига 5, 6 ва 7 кун дам олиш ҳуқуқига эга.
Ишчилар ва иш берувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб берувчи биринчи меҳнат низоми қадимги Бобилда яратилган ва Ҳаммурапи кодекси деб номланган.
Исроил давлатида таътил кунларидан ташқари, ходимларга "саломатлик" кунлари ҳам қўшиб берилади. Камида 19 йиллик иш тажрибасига эга исроилликларга 28 таътил кунига 9 "саломатлик" куни қўшилади.
Энг қисқа иш ҳафтаси Нидерландияда бўлиб, бу 30,5 соатни ташкил этади.
Япония меҳнат қонунчилигида агар аёл ходим ҳомиладорликка қадар ташкилотда бир йилдан камроқ вақт ишлаган ёки турмуш ўртоғи бадавлат бўлса, унинг бола парвариши учун таътилига ҳақ тўланмаслиги мумкин.
Баъзи мамлакатларда ҳафта охири шанба ва якшанба эмас, балки ҳафтанинг бошқа кунларидир. Мисол учун, исроилликлар якшанба куни ишга боради ва иш ҳафтасини пайшанба ёки жума куни тушдан кейин тугатади. Жазоир ва Саудия Арабистонида одамлар шанбадан чоршанбагача, Эронда эса шанбадан пайшанбагача ишлайди.
Хитойда 6 кунлик меҳнат ҳафтаси, 10 соатлик иш куни амал қилинади. Шу билан бирга, фуқаролар йилига атиги 10 кунлик меҳнат таътили олиш ҳуқуқига эга.
Швеция корхоналари эса аста-секин олти соатлик иш кунига ўтмоқда. Стокголмдаги Филимундус компанияси директори Линус Фелдт ўз интервюсида "8 соатлик иш кунидан 6 соатлик иш кунига ўтиш бизнинг ходимларимизга сармоя киритаётганимизни кўрсатади. Агар ходимларингиз бахтли бўлса, унда бутун компания бахтлидир",-деган у. Шунингдек, америкалик ихтирочи Томас Эдисон ёш ихтирочини ишга олишдан бош тортгани ҳақида ҳам ҳикоялар мавжуд. Бўлғуси ходим қатъиятли бўлиб, ўзининг қанчалик меҳнатсевар ва мунтазам меҳнат таътилисиз ишлаётгани ҳақида сўзлаб беради. Эдисон уни ишга қабул қилмайди ва бу ҳаракатини инсон шунча вақтдан буён таътилсиз ишлаётган экан, унда у қачон фикрлайди,- дея изоҳлайди.
Шундай қилиб, Гонконг, Покистон ва Ветнамда расмий таътил 14 кун, Ҳиндистон ва Индонезияда - 12 кун давом этади. Канада аҳолисини 10 кунлик таътил билан чекланса, хитойликлар ҳам 10 кунлик таътилга эга.