"Энг улуғ, энг азиз": Вилоят ҳокими фаол ижодкорлар ижодини эътироф этди

Вилоят ҳокимлигида Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан ташкил этилган “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев иштирок этиб, танлов ғолибларини табриклади ва уларга диплом ҳамда қимматбаҳо совғаларни топширди.
Танловда 29 нафар ижодкор 200 дан ортиқ ижодий ишлари билан қатнашди. Уларнинг 16 нафари ғолиб бўлди.
Тадбир аввалида кўрик-танловга ёзувчи ва шоирлар, журналистлар, тасвирий санъат намояндалари, қўшиқчилик, фото ва дизайн усталарининг “ Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган, “Ўзбекистон–2030” стратегияси, шунингдек, “ Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили ” Давлат ҳамда ҳудудий дастурларининг ижроси, мазмун-моҳияти ва тарғиботи акс этган ижодий ишлар қабул қилингани айтиб ўтилди.
Таъкидлаш ўринлики, тақдим этилган ижодий ишларда мамлакатимизда, хусусан, вилоятда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аҳолининг турмушини яхшилашга, жойларда ободонлаштириш соҳасида, иқтисодий имкониятларини янада яхшилаш борасидаги ишлар, аҳоли, айниқса, ёшлар фаровонлиги йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлар ҳаётий мисоллар ва илмий асосланган таҳлиллар асосида холис ва ҳаққоний ёритилган.
Танловда ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари, журналистларнинг публицистик нашрлари, босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг ижодий ишлари, оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган веб-сайтлардаги интернет-журналистика материаллари, телевидение ва радио ижодкорларининг кўрсатув ва эшиттиришлари, тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари, санъаткорларнинг юртни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлари номинациялари бўйича 16 нафар ғолиб тақдирланди.
- Бундай танловлар биз каби ижодкорларни янада илҳомлантиради, - дейди танлов ғолиби Ҳуршид Нуриллаев. – Албатта, бу ғолиблик дипломи бизга илҳом бағишлаш билан бирга масъулият ҳам юклайди. Бундан кейин янада жўшқин ижод қилишга ундайди.
***
Ғолиблар билан танишинг!
Вилоятдаги ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари, журналистларнинг публицистик нашрлари номинацияси
Хосият Бобомуродова – Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси аъзоси, эркин ижодкор.
Назм йўналиши бўйича “Бахт майдони” шеърлар, драмалар, достонлар, қатралар, эсселар сайланмаси учун;
Ҳамза Жўраев – “Дурдонаи Шарқ” журнали бош муҳаррири ўринбосари.
Бадиий публицистика йўналиш бўйича “Жадидони Самарқанд” адабий тадқиқот, бадиий публицистик китоби учун;
Ҳафиза Ўсарова – Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фондининг Жомбой туман бўлинмаси раиси.
Наср йўналиши бўйича “Қишлоқдаги ўйлар” насрий ҳикоялар китоби учун.
“Босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг журналистик ишлари” йўналиши
Ёрмамат Рустамов – вилоят “Cамаркандский вестник” газетаси махсус мухбири.
Давлат ва ҳудудий дастурлар ижроси, юртимизнинг дунё мамлакатлари орасида эришаётган ютуқлари, туризм, ижтимоий, иқтисодий ислоҳотлар йўлида амалга оширилаётган ишлар акс этган таҳлилий-танқидий мақолалари учун;
Жамшид Носиров – Каттақўрғон шаҳар “Каттақўрғон тонги” газетаси муҳаррири
Шаҳарда ҳудудий дастурлар ижроси, аҳоли, айниқса, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар, бунёдкорлик, яратувчанлик каби эзгу ишлар акс этган мақолалари учун;
Хуршид Нуриллаев – “Нуроний” жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими раиси. Республика, вилоят, туман ва шаҳар газеталари жамоатчи мухбири.
Мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар, тинчлик, шукроналик туйғуларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишга қаратилган туркум мақолалари учун.
“Тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари” йўналиши
Абиб Исмаилов – Ўзбекистон рассомлар уюшмаси аъзоси, рассом дастгоҳли рангтасвирчи.
Самарқанддаги тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ҳамда тарихий шахсларнинг сиймосини яратгани учун;
Манзура Нормаматова – “Карет дизайн” хусусий корхонаси дизайнери.
Самарқанд шаҳри ва унинг атрофидаги кўчаларда тасвирланган мустақиллик, бунёдкорлик, обод масканлар акс этган дизайнерлик ишлари учун.
“Санъаткорларнинг юртни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари” йўналиши
Малика Акмалжонова – “Ниҳол” мукофоти совриндори, Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактаби ўқитувчиси.
“Дурдонам, Ватан” қўшиғи учун;
Отабек Абдуллаев – Ўзбек миллий мақом санъати маркази Самарқанд вилоят ҳудудий бўлими иккинчи тоифали хонандаси.
“Ватан” қўшиғи учун;
Баҳодир Азизов – Ўзбек миллий мақом санъати марказининг Самарқанд вилоят худудий бўлими олий тоифали артист-созандаси.
“Янги Ўзбекистон” қўшиғини басталагани учун.
“Телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари” йўналиши
Дилдора Бойниёзова – Самарқанд вилоят телерадиоканали давлат муассасасининг иккинчи тоифали муҳаррири.
Юртимизда, хусусан, вилоятимизда ижтимоий соҳалардаги ўзгаришлар, қадриятларимизни улуғлаш, тарихимиз ҳамда миллий маданиятимизни кенг тарғиб этишга қаратилган кўрсатувларни ёритишдаги фаоллиги учун;
Мўминжон Ҳабибов – Самарқанд вилоят телерадиоканали давлат муассасасининг иккинчи тоифали монтаж устаси
Янги Ўзбекистонда янгича қарашга қаратилган кўрсатув ва лавҳаларни монтаж қилишдаги маҳорати учун;
Зилола Пирназарова – Самарқанд вилоят телерадиоканали давлат муассасасининг радио гуруҳи биринчи тоифали мухбири
Йил дастурлари ижроси, инсон қадрини улуғловчи эшиттиришлари, ёшларга берилаётган имкониятлар, туризм соҳаси салоҳиятининг ошиб бориши, замондошларимиз сиймосини яратишдаги фаоллиги учун.
“Оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган веб-сайтлардаги интернет-журналистика материаллари” номинацияси
Тўлқин Сиддиқов – вилоят Zarnews.uz веб-сайти мухбири.
Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғуларини кенг тарғиб қилиш, давлат ва ҳудудий дастурлар ижроси, тадбиркорлик, ободонлаштириш, ижтимоий соҳалардаги ўзгаришлар акс этган материаллари учун;
Шарифжон Сахатов – вилоят, туман газеталарининг веб-сайтлари жамоатчи мухбири
Тарихий объектларни асраш, уларни аҳоли ўртасида тарғиб этиш, таълим сифати ошиб бораётгани, ёшлар ўртасида зиёратгоҳларга ҳурмат туйғусини шакллантиришга қаратилган материаллари учун.
Ҳусан Элтоев.