Эр нимага керак ёки оилаларга дарз етказаётган “дарс”
Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда аёлларимизга оила сирларидан сабоқ берувчи психологлар-у, тренингчилар кўпайиб қолди. Аммо кўп реклама бўлаётган, аёлларга ўзини англашида, оилавий муносабатлар шакллантиришида гўёки “супер натижа” ваъда қилаётган бу психологларнинг назарияси тўлиқ ғарб тенденциясига асосланганлиги сезилиб қоляпти.
Тармоқларда тарқалган видеолардан ҳам маълум бўлишича, улар эгоизмга асосланган илк дарсиданоқ тингловчига, аввало, жуфтидан ҳақини ажратиб олишни ва фақат “мен”ни, яъни ўзини севишни ўргатмоқда. Баъзи маърузачилар ҳаттоки, “Эр нимага керак?” дейишдан ҳам тоймаганини кўрдик. Таажжуб, бу чорловлар содда тингловчилар тасаввурида оила ва эрга нисбатан фобияни шакллантириб қўймасмикан? Улар андоза олаётган ўша жамиятларда ўзи оила индукциясига қандай ёндашади? “Никоҳ ҳислар панжараси”, ”ёшлигингда яшаб қол(!)” тамойиллари асосида яшайдиган аксарият сўққабошлар, оқибат ҳувиллаган уйда сўлоқмондай ит билан “оила” бўлиб қолиши ёки кеч кириши билан барда йиғилиб тамаки тутатадиган шишадошлардан ўзига “оила” ясаб олиши одатий ҳол.
Рисоладаги оилалаларида ҳам энг нозик муносабатлар психолог кўрсатмалари асосида шаклланади, сал адоватга иш очувчи адвокатлар доим шай. Ажримларда оила, фарзандлар тақдиридан кўра, мулк тақсимоти муҳим ўрин тутади. Бу борада аёллар учун улкан имкониятлар мавжуд. Ҳатто оилавий ажрим жараёнлари уларга катта миқдорда даромад топишнинг осон йўлига айланиб қолган. Буларнинг аксарияти ўша ички “мен”ни севиш ва “эркинлик”ни даво қилувчи психологларнинг кўрсатмалари оқибати эмасмикан? Баъзиларида оилага нисбатан шаклланган фобия шу даражага бориб қолдики, айрим “эрксевар” эркаклар суррогат она орқали фарзанд кўраётган бўлса, яна шундай аёллар “эко муолажа” орқали фарзанд кўриб, “тинчгина яшаш”ни маъқул кўриб қолмоқда.
Хўш, энди айтинг-чи, бизга шунақа индивидлар асосидаги жамият керакми? Истардикки, баъзи “интернет психологлари” ҳам дарсларида оилаларимиздаги келишмовчиликларни муолажа қилишда, ўзимизнинг азалий садоқат, матонат, сабр ва фидойиликка асосланган муносабатларни тарғиб қилишса. Тренингни номаълум ресурслар ҳисобига эмас, менталитетимизга бегона бўлмаган профессионал таълим асносида ташкил этса.
Бу борада олийгоҳларимиз ҳам, психология йўналишлари асосини яратишда одатий анъанавийликдан воз кечиб, ихтисослашувни йўлга қўйиши, миллий таълим платформаларини яратиши лозим. Акс ҳолда долзарблик ва престиж талаби асосида, дипломли профессионал мутахассислар қолиб, қайсидир 6-7 ойлик ўқув курсини ўтаган интернет юлдузлари аёлларимизга «эр нимага керак» деб, «оилапарвар»ликдан сабоқ беришда давом этаверади.
Шуҳрат Нормуродов.