Ер юзидан йўқ бўлиб кетган Риф давлати ҳақида эшитганмисиз?
Бугунги кунда айрим тарихчилардан мазкур республикасининг қаерда жойлашганлиги, унинг тақдири нима билан тугаганлиги ҳақида савол берсангиз, тўғри жавоб беролмаслиги мумкин.
ХIХ асрга келиб Африка қитъасида Испания ҳукмронлиги остида қолган ҳудудлар қаторида Марокаш ҳам бор эди. Унинг тоғли ҳудудлари эса Франция ва Испания томонидан ажратилган бўлиб, бўйсунмас Риф деб аталарди. Марокаш султони французларга бўйсунса, испанлар ҳудудида эса унинг вассали етакчи эди. Қадимдан берберлар колонизаторларга фаол қаршилик қилиб келишган. Шимолий Марокашликлар испанларга қарши бош кўтаришди. Аммо қўзғолон тезда бостирилди.
1920 йил бошида Испан қиролининг фармони билан Испан Марокашига губернатор этиб тайинланган генерал-майор М.Сильвестре ўзига тегишли ҳудудларни қаттиқ назорат остига олди. Апрель ойида илоҳий шаҳар ҳисобланган Хаенни босиб олишди. Аҳолини мунтазам назорат қилиб туриши учун қурилган порт-қалъаларга 140 минг кишилик улкан қўшин келиб жойлашди. Аммо улар эндигина армияга чақирилган, тажрибасиз аскарлар - на қурол ушлашни биларди, на ҳарбий тайёргарликка эга эди. Маҳаллий зодагонлар берберлардан 3 минг кишилик қўшин тузиб, қўзғолон кўтарган рифликларга келиб қўшилди. Шундан сўнг испанлар бирин-кетин мағлубиятга учрай бошлади. Марокашдан ажралиб қолишдан қўрққан қирол Испан легионини ташкил этди. Унинг асосини кўп йиллар давомида қон кечиб тажриба орттирган ёлланма каллакесарлар ташкил этарди. Улар ўзининг шафқатсизлиги билан бутун Африка қитъаси ҳалқларини қўрқувга солиб келган.
Бўйсунмас рифликлар қўзғолонини бостириш мақсадида 1921 йилда Испания Африка қитъасидаги урушларда биринчи бор танкларни ишлатишни бошлашди. Шунингдек, испанлар денгизда ҳам катта кучга эга эди.
Аммо берберлар ҳам ҳақиқий жангчилар сифатида тарихда қолишган. Уларни саҳрода, очиқ жангларда енгиш жуда қийин. Абд ал-Крим раҳбарлик қилган қўзғолончиларнинг сони дастлаб 3 минг, кейинчалик 7 мингга етди. Аммо испанларнинг маълумотига кўра, рифликлар сони 80 минг кишидан ортиқ бўлган. 1921 йилнинг июнь ойида испанлар Монте-Тхе шаҳрига юриш бошлади. Аммо рифликлар 5 минг кишилик испан пиёдаларини қириб ташлади, уларнинг қўмондони эса ҳалок бўлди. Шунингдек, испанларга ёрдамга шошган генерал Ф.Наварронинг 13 минг кишилик қўшини ҳам тор-мор этилди. Генерал билан бирга 600 та аскар ҳам асирга олинди.
1921 йилнинг сентябрида 12 та берберлар қабилалари бирлашиб, Абд ал-Крим бошчилигида марказлашган Риф республикасини ташкил этишди. Шундай қилиб кичик қўзғолон она Ватан озодлиги учун умумхалқ курашига айланиб кетди. Ягона қўмондонга бўйсунадиган 30 минг аскардан иборат қўшин тузилди.
Испания қироли саҳродаги мағлубиятлардан анча вақт ўзига келолмади. Ўрта ер денгизида ҳукмронлик қилган енгилмас испан флоти ҳам рифлик денгизчилар томонидан мағлубиятга учради. Марокашдаги мағлубиятлардан ғазабланган қирол Испан легионига шафқатсиз Ф.Франкони қўмондон (кейинчалик Испания диктатори бўлган) этиб тайинлади. Шу вақтда Испанияда содир бўлган ҳарбий тўнтаришда маҳаллий ҳукумат ағдариб ташланди.
Ўнлаб жангларда зафар қучган Риф қабилалари Конфедератив республикаси раҳбари Абд ал-Крим энди ўзини Марокаш Султони, деб эълон қилди. Аммо ҳақиқий султон Мулай Юсуфга ҳам ўз даражасини сақлаб қолишга имкон берди. Рифликлар яна икки йил давомида испанларга қарши курашиб, ўнлаб шаҳар ва қишлоқларни озод қилдилар. Бироқ 1924 йилнинг охирида Испан легиони Хаен шаҳрини рифликлардан тортиб олди.
Французлар Испан Марокашида бўлаётган ғалаёнларни жимгина кузатиб туришолмасди. Кучли испан армиясининг саҳройи қабилалардан мағлуб бўлганини эшитиб, улар ҳам безовта бўлиб қолишди. Уруш олови французлар қўли остидаги ҳудудларга ҳам кўчиб ўтди. Рифлар французларга ҳам ҳужум қила бошлашди. Аммо барчасига тайёр турган францияликлар муваффақият билан ҳаракат қилиб, қўзғолончиларни тўхтатишди. Ўзларини бошқа халқлардан юқори, деб ҳисоблаган европаликлар рифликларга қарши кимёвий қурол қўллашди. Улар шаҳар ва қишлоқлар устидан самолётлардан иприт, яъни кўзни ачитувчи газ ташлашди. Ниҳоят, 1925 йилда Альхусемас порти яқинида француз ва испанларнинг 300 000 кишилик қўшини, 150 та жанговар самолётлари ёрдамида рифликларга қарши ҳужумга ўтишди. Қўзғолончиларнинг шиддатли қаршилик кўрсатишганига қарамасдан, асосий кучлари батамом қириб ташланди.
Уруш Риф республикасининг қулаши билан якунланди. Французлар унинг ўлими омон қолган рифликлар учун яна қўзғолон кўтарилишига олиб келишидан хавфсираб, Абд ал-Крим Ҳинд океанида жойлашган Реюньон оролига умрбод сургун қилишди. Орадан 20 йил ўтгач, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг унга сиёсат билан шуғулланмаслик шарти билан Францияга келиб яшашига рухсат беришди. Аммо тиниб-тинчимас собиқ султон қирғоққа яқинлашганда ўзини сувга ташлаб қочишга, кейинчалик Мисрга ўтиб кетишга муваффақ бўлди. Шунча азоблардан халос бўлган етакчи 1963 йилгача “Араб Мағриби” озодлик ҳаракатини бошқарди. У халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган ягона мусулмон давлатининг раҳбари сифатида тарихда қолди.
Шиддатли ўтган жангларда араблар 10 минг аскаридан ажралган бўлса, француз ва испанларнинг 28 минг аскари ҳалок бўлди. Бу уруш биринчи марта юрт озодлиги учун курашга отланган халқнинг имкониятларини кўрсатиб берди. Араб халқларини колонияга айлантириш учун бошланган уруш Испаниянинг шафқатсиз қироли Альфонснинг 1931 йилда тахтдан кетишига сабаб бўлди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ тайёрлади.