Эрдўғон Киевни қўллаб-қувватлашини билдирди: Украинада "Байрактар" ишлаб чиқарилади
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Киевни қўллаб-қувватлашини билдирди ва Россия-Украина зиддиятини ҳал қилишда воситачилик қилишни таклиф қилди. У Анқара ҳамон Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини, хусусан, Қримни унинг ажралмас қисми деб билишини таъкидлади:
“Туркия Қора денгизда қўшни бўлган икки дўст давлат ўртасидаги инқирозни ҳал қилишга ҳисса қўшишга тайёр. Бугунги музокаралар чоғида биз давлат раҳбарлари даражасидаги саммит ёки томонларнинг техник даражадаги маслаҳатлашувларига мезбонлик қилишдан мамнун бўлишимизни яна бир бор айтдим”.
Эрдўғоннинг 3 февралда Киевга ташрифи чоғида Украинада Туркиянинг “Байрактар” ҳарбий учувчисиз самолётларини ишлаб чиқарувчи завод қуриш каби қатор шартномалар имзоланган. Кремль аввалроқ Киевга ушбу қуроллар етказиб берилишини Донбассдаги вазиятни беқарорлаштириш учун потенциал таҳдид дея билдирган эди.
Россия, Украина ва НАТО
Эрдўғоннинг ташрифи Шарқий Европага минглаб Америка қўшинлари жойлаштирилган пайтга тўғри келди. Кремлда АҚШнинг инқироз давридаги бундай ҳаракатларини таҳдид сифатида баҳолашди. Бу ҳақда навбатдаги брифингда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди:
“Биз доимий равишда америкаликларни Европа қитъасидаги кескинликни тўхтатишга чақирамиз. Афсуски, америкаликлар шундай қилишда давом этмоқда. Ваҳоланки, бунда гап фақат уруш яқинда бошланади, ҳамма даҳшатли нарх тўлайди деган баёнотлар ҳақида эмас. Гап айнан америкалик аскарларни чегараларимиз яқинидаги Европа давлатларига юбориш ҳақида кетмоқда”.
Пентагон маълумотларига кўра, Россия Украина чегаралари яқинида, хусусан, Беларус ҳудудида ўз ҳарбийлаштирилган гуруҳи сонини оширишда давом этмоқда. Москвада бу - иттифоқдош давлат реакция кучларининг синови, дея жавоб беришмоқда.
Киев ўн минглаб россиялик ҳарбийлар Украинанинг шарқий чегараларига, жумладан Қора денгиз минтақасига жойлаштирилгани ҳақида хабар берган эди. Москва буни НАТОнинг Шарққа кенгайиши борасидаги келишмовчиликлар фонида эҳтиёт чоралари деб атади. Кремль тажовузга тайёргарлик ҳақидаги айбловларни рад этди.