Эри томонидан камситиб келинган 18 ёшли келинчак ўз жонига қасд қилди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёнинг Косон туманида 18 ёшли М.Жўраева ўз жонига қасд қилганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалганлиги юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати баёнот берди.

Қайд этилишича, 2020 йил 9 май куни Косон тумани, Ислом Каримов кўчасида жойлашган уйда ижарада яшаб келган М.Жўраева (2002 йилда туғилган) ўзини осиб, вафот этган.

Текшириш давомида, марҳума М.Жўраеванинг турмуш ўртоғи билан ўрталарида доимий равишда уриш-жанжал бўлиб келганлиги, турмуш ўртоғи уни ҳақорат қилиб уриб, тан жароҳати етказиб, шаъни ва қадр-қимматини камситиб келганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 8 июнда  Косон тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 103-моддаси (ўзини ўзи ўлдиришга ундаш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.