Эркин Аъзамнинг “Паризод”и

“Киноқисса” атамаси ХХ асрнинг иккинчи ярмидан сўнг адабиётимизда бот-бот учраб туради. Жумладан, Шароф Рашидов, Жамол Камол, Усмон Азим баъзи бир асарларини шу ном остида тақдим этишган. Эркин Аъзамнинг ижодида бу хилдаги асарлар мустақил жанр сифатидаги хусусиятларини намоён этди. Аввало, киноқиссанинг жанр поэтикасини тушуниш учун унинг кино сенарий ва қиссадан фарқли жиҳатларига эътибор қаратиш зарур.

Маълумки, насрий асарларни кинога айлантириш жуда катта меҳнат талаб қилади. Иккинчидан, кино санъати ёзувчи тақдим этган насрий асарнинг барча жозибасини ўзида акс эттиролмайди, чунки наср индивидуал идрокка мослаб ёзилади, кинода эса ундай эмас. “Анна Каренина”, “Ўткан кунлар”, “Шум бола” асарларининг китоб ва кино  вариантларини солиштириб кўрганда, бу фарқли жиҳатлар аниқроқ кўзга ташланади. Жумладан, “Анна Каренина” кинофильмида роман сюжетидаги севги учбурчаги билан боғлиқ эпизодлар асос қилиб олинади.

Габриэль Гарсиа Маркес “Ёлғизликнинг юз йили” романи асосида кинофильм олишларига розилик бермаган эди. Ёзувчининг фикрича, Урсула тимсолида кимдир бувисини, кимдир аммасини, кимдир бирор бир танишини кўргандек бўлади, яъни китобхонлар онгида образнинг ранг-баранг қиёфалари нақшланади. Агар кинога олинса, ўша образни томошабин роль ижро этган актриса қиёфасида тасаввур қилади, айтиш мумкинки, образнинг сиймоси якранглик касб этади.

Насрий асарнинг атай кинога мослаб ёзилиши эса бошқа масала. Бунда ҳар иккала санъат хусусиятлари ҳисобга олинади. Юқорида кўриб ўтилганидек, бадиий асарнинг поэтикасига путур етмайди. Шубҳасиз, кино санъати бадиий асарни оммалаштиришда, реклама қилишда муҳим бир восита. Тан олиш керакки, чинакам бадиий асар оммавий бўлавермайди. Масаланинг бошқа томони ҳам борки, бўлмағур асардан яхшигина кинофильм ҳам яратиш мумкин, гўёки ўзига яраша  шеърни бошқа бир тилга яхшигина таржима қилгандек (Бунда режиссёр, таржимон, шунингдек, Эркин Аъзам айтгандек “адабий мардикор” назарда тутиляпти).

Бу масалада Эркин Аъзам шундай ёзади: “Шунча китоб-дафтаримиз бир бўлди-ю бошқа, бизга ёқмаган, аллақандай эриш туюлган “Чантириморе”нинг телевизордаги кутилмаган илк намойиши бир бўлди! Эртасигаёқ шуҳрат тожини кийдик. Овора бўлиб, китоб ёзиб юрганимизни қаранг, гап бу ёқда экан-ку”.

Ёзувчининг кейинги жумлаларида озгина киноя бор, албатта. Бироқ Эркин Аъзам ижодини хронологик тарзда кўздан кечирганда шунга гувоҳ бўлиши мумкинки, айни шу асар экранлаштирилгандан сўнг, адиб ҳар икки  санъатни синтез қилишга жиддий киришганлиги сезилади. Шунинг учун профессор Умарали Норматов “Чунончи, “Сув ёқалаб”, “Забаржад” асарлари киноқисса деб юритилган,  “Жаннат ўзи қайдадир” эса драматик қисса деб аталган;  “Сув ёқалаб”, “Забаржад”,  “Жаннат ўзи қайдадир” асосида ажойиб фильмлар яратилди, аммо учала асар ҳам айни пайтда етук қисса намунаси тарзида шавқ билан ўқилади”, деб ёзади. Шу билан бирга кинноқиссаларни бошқа санъат турларидан фарқланувчи бир қатор муҳим аломатлари ҳам бор. Биринчидан, киноқисса драматик асарлардаги саҳна кўринишларидек алоҳида эпизодлардан, манзаралардан ташкил топади; иккинчидан, насрий асарлардагидек, батафсилликни кўтармайди; учинчидан, диологларнинг драматизм асосига қурилиши ва томошабоплиги билан драматик асарларга яқин туради. Шунингдек, насрий асарларда экспозиция сюжет таркибий қисмларидан олдин, кейин, охирида, баъзан аралаш тарзда келиши мумкин. Киноқиссаларда, асосан, драматик асарлардаги каби муқаддимада келади.

Насрий асарни кино тасмасига кўчириш осон эмас. Чунки кино имкониятлари ўқиб, уқиладиган бадиий сўзнинг жилосини, тароватини, завқ-шавқини қисмангина кўрсатиши мумкин, холос.

Эркин Аъзам қиссалари ва романида учрайдиган чуқур психологик таҳлил, руҳий кечинмаларнинг тафсилий ифодаси киноқиссаларида унча муҳим ўрин тутмайди. Киноқиссаларда психологик ҳолатнинг авж нуқталари қисқа сатрларда, характерли чизгиларда ифодасини топади. Боиси томошабинга “ҳазми оғир” нарсалар сингишмайди.

Фабула дейилганда, сюжет воқеаларининг ҳаётдаги кетма-кетлик тартиби назарда тутилади. Масалан, латифа, масалларда воқеа-ҳодиса хронологик тартибда берилади. Эркин Аъзам киноқиссалари композицияси тўғрисида сўз кетганда, ана шу фабулаликка эътибор қаратиш керакки, бу хусусият ҳам унинг томошабоплигидан келиб чиққан аломатдир.

Адабий турлар ва жанрлар ўртасида Хитой девори ўрнатилмаган. Муайян тур ва жанр хусусиятлари ўзга тур ва жанрларда ҳам учрайверади. Бироқ маълум назарий асосларнинг устиворлиги ўша жанрнинг табиатини белгилаб келади. Жумладан, Эркин Аъзамнинг киноқиссаларида ҳам шундай ҳолатни кўриш мумкин. Киноқиссалар шаклан насрий жанр талабларига мувофиқ келса-да, ички пафос нуқтаи назаридан драматик жанрларга ҳамоҳанглик касб этади. “Сув ёқалаб”, “Забаржад”, “Паризод”, “Танҳо қайиқ” каби киноқиссаларда драматизм ва драматиклик хусусиятлари асос бўлиб хизмат қилган. Маълумки, тамошабоплик драматик жанрларнинг муҳим белгиларидан ҳисобланади. Ана шу хусусият киноқиссаларнинг ҳам поэтик таркибида қонунийлашиб боряпти. Бошқа томондан, киноявийлик сингари воқеа-ҳодисаларнинг энг авж драматик нуқталарига алоҳида эътибор Эркин Аъзам индивидуал услубининг ўзига хослигини ҳам тайин этади. Эътибор қилинса, киноқиссалар ва драматик қиссалардаги асосий қаҳрамонларнинг ҳаёт йўли, тақдирлари фожиалар гирдобида кечади. Болта Мардон, Забаржад, Паризод, Жўрақул домла, Орол бобо... Киноқиссалар поэтикасига хос хусусиятлардан бири драматик асарда бўлганидек, ҳар бир эпизод ўзидан олдинги эпизоддан ўсиб чиқади ва ўзидан кейингисига мантиқий замин ҳозирлайди.

ХХ аср ғарб модерн дараматурглари ва режиссёрлари мумтоз театр анъаналарини эскирган, бугунги талабларга жавоб бермайди дея ҳисоблаб, ўз томошаларига турлича ўзгариш ва янгиланишлар кирита бошладилар. Улар театр санъатига жиддий рақиб бўлиб, кундан кунга катта аудиторияни қамраб олаётган кино санъатига имкониятларни бой бериб қўймаслик учун турли-туман санъатларнинг, жумладан, кино санъатининг хусусиятларини ҳам ўз театрлари репертуарига сингдира бошладилар. ХХ асрнинг иккинчи ярмига келиб кино санъати нафақат театр, балки бадиий адабиёт келажагига ҳам жиддий хавф туғдира бошлади. Хосе Ортега-и-Гассет таъкидлагандек, ўқувчини мушоҳадага чорлайдиган, унга руҳий озиқ берадиган элитар адабиётга мансуб романларни мутолаа қиладиган китобхон қолмади, олди-қочди мавзуидаги оммабоп адабиётнинг бозори чаққон бўла бошлади. Постмодерн адабиёт даврида театр билан кинонинг бирикувидан телесериаллар пайдо бўлган бўлса, сўнгроқ кино ва адабиёт имкониятларини уйғунлаштириш натижасида киноқиссалар яратила бошланди.

 Умуман олганда, Эркин Аъзам насрида кейинги асрда жаҳон адабиётида кечган ўзгаришлар ва янгиланишлар ўз изини қолдирганига гувоҳ бўлиш мумкин. “Жавоб” қиссасидаги Нуриддин Элчиевнинг ҳаётий позициялари атрофдагиларга томоша, эрмак бўлиши билан Франц Кафканинг “Жараён” асаридаги Йозеф К.ни эсга солса, “Байрамдан бошқа кунлар”даги Бакир ўзининг жамият учун бегоналигини  англаб бораётган характер сифатида кўринади. Ёзувчи “Танҳо қайиқ”да глобаллашув даври муаммосини абсурд ифодаларда тасвирлайди. Асар қаҳрамони Орол бобо тушиб қолган ҳаётий мантиқсизликлардан маъни излаб яшайди. Аксарият қаҳрамонлар характерларининг барқарорлиги, ҳаётий эътиқодларининг собитлиги туфайли драматик ситуацияларга тушадилар.

“Паризод” асарида овлоқроқ тоғли қишлоқларимизда учраши  мумкин бўлган воқеалар  қаламга олинади. Миллий дунёқараш ва кундалик турмуш  ҳақиқатлари билан тўйинган, қай бир жиҳатлари билан Габриэль Гарсиа Маркеснинг “Ошкора қотиллик қиссаси”га яқин турадиган бу асари билан ёзувчи бугунги давр кишисининг лоқайдлик ботқоғига тобора чуқур кириб бораётганлигини кўрсатиб беради.

Ёш болага одатда кўп танбеҳ беришади: ҳаддингдан ошма, жойингни бил, мундоқ дейиш керак қабилида. Ёш бола – ёш бола-да, ҳали жамиятнинг темир қолипларига тушмаган: самимий, беғубор, кўнглига келганини қилади, айтаверади. Катталар қандай “юриш-туриш” кераклигини ўргатишса ҳам “ўрганиш”ни ҳеч истамайди. Эркин Аъзамнинг кўп қаҳрамонлари ана шу болаларга ўхшайди! Бу, айниқса, “Танҳо қайиқ”да маромига етказиб тасвирланган. Ушбу асарни таҳлил қилган адабиётшунос Б.Назаров Орол бобо ҳолатидаги, фикрлаш тарзидаги табиийлик, соддалик, миллийлик сифатлари билан Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема”сидаги Мўмин чолни, Эрнест Хеменгуэйнинг “Чол ва денгиз”идаги Сантьягони эслатади, деб ёзади. Чиндан ҳам ҳуш ва туш, реаллик ва рўё аро  ўзи эътиқод қўйган, ўзи яратган хаёлот оламида қувониб, қайғуриб, гоҳ тушкун, гоҳ умидвор яшаётган Орол бобо кейинги йиллар адабиётимизда яратилган энг ажойиб ва мукаммал характердир. Ёзувчининг айтмоқчи бўлган поэтик ғояси киноқисса шаклида ўзининг ёрқин ифодасини топган. Асарда мазмун ва шакл элементлари шундай уйғунлашиб кетганки, айни сюжет ифодасини ўзга жанрда тасаввур қилиш имконсиз. Бадиий асарнинг мазмуни шакли билан бирга туғилади, албатта. Бу ижод психологияси билан боғлиқ мураккаб руҳий жараён, шундай экан, киноқиссабоп материалдан бошқача турдаги асар яратиш ўзини оқламаган бўларди.

“Танҳо қайиқ” Эркин Аъзам киноқиссачилигининг, шунингдек, адабиётимизнинг жаҳон адабиёти намуналари билан бўйлаша оладиган жиддий ютуғи. Янги давр янги ғояларни, янги ғоялар янги шаклларни талаб қилади. Ўтган асрнинг 60-йилларида достон жанри шундай янгиланишлар анъанасини бошдан кечирган эди. Достончиликдаги лирик достон, лиро-эпик достон, драматик достон каби ички кўринишлар ўша даврларда ўзлигини намоён этган эди. Бугун қисса жанрининг шундай ўзгаришларга юз тутиши ҳам табиий ва қонунийдир. Бу борада, киноқиссаларнинг ўзига хос жанр сифатида таркиб топиши ва такомиллашишида Эркин Аъзамнинг муносиб хизматлари бор.

“…номи қайд этилган ўша ўн фильмнинг бирортасидан охиригача кўнглим тўлмаган, - деб ёзади Эркин Аъзам. – Шундай бўлишини олдиндан билганим учун ҳам мен уларга оз-моз кино тусини бериб, дангал киноқисса атаб, аммо-лекин бошиданоқ китобга мўлжаллаб ёзаман: кино қилинса қилинар, бўлмаса ўқилар-ку”.

Ҳар холда ёзувчининг кейинги даврдаги услубий-шаклий изланишлари, кинорежиссёрлар билан ҳамкорлиги адабиётимизда янги жанрнинг истиқболини белгилаб берди.

Кинноқисса жанри бир қадар драматик асарларнинг тарихи ва тақдирини ёдга солади. Азалдан драматик тур жанрлари фақат саҳнага қўйиш учун мўлжаллаб ёзилган, ўқиганда унчалик қизиқиш уйғотмаган. Адабиётшуносларнинг фикрича, Уильям Шекспирнинг хизматлари туфайли драматик асарлар ўқиганда ҳам қизиқиш уйғотадиган бўлди. Шу каби қиссачилик ҳам ўзининг янги имкониятларини намоён этмоқда, жанр таркиби ва табиатида ўзига хос ўзгаришлар кечмоқда.

Эркин Аъзамнинг “Жаннат ўзи қайдадир”, “Шажара” асарларини драматик қисса аташ тўғри бўларди, боиси бу асарлар кўпроқ қисса талабларига бўйсундирилган. Улардаги драматиклик, асосан, шаклий характерда бўлиб, ўзагида насрий белгиларнинг салмоғи баланд.

Адабиёт тарихидан маълумки, ҳар қандай жанр даврнинг  шаклу шамойилини, замондошларнинг ўй-кечинмалари ва интилишларини ёрқинроқ ифодалаш истаги туфайли пайдо бўлади. Ана шу истак ва изланишларнинг самараси ўлароқ Эркин Аъзам киноқиссалари ўқувчининг ҳам, томошабиннинг ҳам янгиланиб бораётган талабларига жавоб бераётганлиги бу хилдаги асарларнинг келажагига умид билан қарашга ундайди.

Шавкат ҲАСАНОВ,

филология фанлари доктори.