Эрон парламенти аъзолари Самарқандни зиёрат қилди
Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Эрон Ислом Республикаси Исломий Кенгаш Мажлиси раиси Муҳаммад Боқир Қолибоф бошчилигидаги делегация бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.
Меҳмонларни Самарқанд халқаро аэропортида вилоят ҳокими Э.Турдимов кутиб олди.
Эрон парламенти аъзолари дастлаб Ҳазрати Хизр мажмуасида бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилди.
Меҳмонларга мазкур мажмуанинг тарихи, бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Ислом Каримовнинг Ўзбекистон ва ўзбек халқи ҳаётидаги тарихий хизматлари ёдга олинди.
Шундан сўнг Муҳаммад Боқир Қолибоф бошчилигидаги делегация Мирзо Улуғбек музей-мажмуаси, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Регистон майдони билан танишди. Тиллакори мадрасасида намойиш этилган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси, Мирзо Улуғбек мадрасасидаги ноёб тарихий ашёлар ҳамда ушбу обидалар ҳақидаги маълумотлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Эрон парламенти вакиллари Самарқанд шаҳридаги “Панжоб” жоме масжидида ҳам бўлиб, ибодат амалларини бажарди.