Эрон–АҚШ музокаралари - ядровий инқироз атрофида стратегик тортишув

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг якшанба куни Женевага ташрифи Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги ядровий музокараларнинг янги босқичини англатади. Учрашув Уммон воситачилигида ташкил этилган бўлиб, аввал, 6 февраль куни Маскат шаҳрида қайта бошланган жараённинг давоми ҳисобланади. Мулоқотлар ўтган йил июнь ойидаги Исроил ҳужумлари ва 12 кунлик қуролли тўқнашувдан кейин тўхтаб қолган эди. Шу боис ҳозирги босқич ҳарбий эскалациядан дипломатик майдонга қайтишга уриниш сифатида баҳоланмоқда.

Музокараларнинг марказий масаласи — Эрон ихтиёрида бўлган 400 килограммдан ортиқ бойитилган уран. Июнь ойидаги зарбалардан сўнг МАГАТЭ мазкур материални жойида текширмаган ва унинг қаерда сақланаётгани ҳамда ҳолати бўйича аниқ хулоса беролмаган. Бу ҳолат шаффофлик муаммосини кучайтиради ва томонлар ўртасидаги ишончсизликни чуқурлаштиради. Назорат масаласи ҳал этилмаса, ҳар қандай келишув мустаҳкам асосга эга бўлмайди.

Исроил томони позицияси қатъийлигича қолмоқда. Биньямин Нетаньяху ҳар қандай келишув Эроннинг уран бойитиш имкониятларидан тўлиқ воз кечишини назарда тутиши шартлигини билдирган. Тель-Авив бу масалани миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан баҳолайди ва ҳатто тинч мақсадлардаги бойитиш имкониятини ҳам стратегик таҳдид сифатида қабул қилади. Теҳрон эса ўз позициясини иқтисодий омиллар билан боғламоқда. Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Мажид Тахт-Раванчи баёнотига кўра, АҚШ санкциялари бекор қилинса, Эрон муайян муросага тайёр. Санкциялар мамлакат иқтисодиётига жиддий босим ўтказган ва музокараларда иқтисодий енгиллик асосий шарт сифатида қўйилмоқда.

Вашингтон музокараларни ҳарбий таҳдидлар фонида олиб бормоқда. Минтақада АҚШ ҳарбий иштирокининг кучайтирилиши босим воситаси сифатида баҳоланмоқда. АҚШнинг стратегик мақсади Эроннинг ядровий имкониятларини чеклаш, минтақада кучлар мувозанатини сақлаш ва Исроил хавфсизлигини кафолатлаш. Бироқ санкциялар масаласидаги кескин ёндашув музокараларни мураккаблаштириб, тарафлар ўртасидаги келишув эҳтимолини пасайтирмоқда.

Учрашув Швейцарияда ўтмоқда. 1980 йилдан бери дипломатик муносабатлари узилган Эрон ва АҚШ ўртасида Берн анъанавий равишда воситачилик каналини таъминлаб келади. Бу формат тўғридан-тўғри эмас, балки билвосита мулоқот механизмига асосланган бўлиб, томонлар ўртасидаги сиёсий масофани қисман юмшатиш имконини беради.

Ҳозирги вазиятда бир нечта сценарий эҳтимоли сақланиб турибди. Яъни, чекланган келишув орқали бойитиш даражасини пасайтириш ва айрим санкцияларни юмшатиш, музлатилган инқироз ҳолатида музокараларни чўзиш ёки дипломатик жараён муваффақиятсиз тугаса, янги ҳарбий эскалация хавфининг ортиши. Шу жиҳатдан, Женевадаги мулоқотлар фақат ядровий дастур масаласи эмас, балки минтақавий хавфсизлик, иқтисодий босим ва геосиёсий таъсир учун курашнинг навбатдаги босқичи сифатида кўрилмоқда.