Эронда коронавирус туфайли янги чекловлар жорий этилади

Эрон ҳукумати 21 ноябрдан бошлаб COVID-19 сабабли янги чекловлар жорий этади. Улар эпидемия тугагунига қадар амал қилади. Бу ҳақда мамлакат президенти Ҳасан Руҳоний маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, аҳолининг шаҳарларда йиғилиши, шунингдек, ҳаракатланишини минималлаштириш зарур.

“Афсуски, биз айни вақтда чекловлар сонини кўпайтиришга мажбур бўладиган шароитдамиз. Келгуси ҳафтанинг шанба кунидан, яъни 21 ноябрдан эътиборан нафақат битта вилоят, балки бутун мамлакатни қамраб оладиган лойиҳа амалда қўлланила бошлайди”, деди президент коронавирусга қарши кураш бўйича штаб йиғилишида.

Унинг сўзларига кўра, бу йирик режа бўлиб, унинг асосий қоидалари коронавирус тугагунига қадар, ҳар бир шаҳарнинг хусусиятлари ва шароитларига мос равишда ишлайди.

Ўз навбатида, коронавирусга қарши кураш штаби вакили Алиризо Раисий режа тафсилотлари ҳақида телевидение эфирида сўзлаб, чекловлар ҳар бир жойга нисбатан белгиланган касаллик даражаси билан қизил, тўқ сариқ ёки сариқ тоифаларига бўлинишини маълум қилди.